Куни кеча Тошкент шаҳридаги «Бунёдкор» стадионида Ўзбекистон Суперлигасининг 2026 йилги мавсумига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди.
Қуръа натижаларига кўра, футбол бўйича Ўзбекистон чемпионатининг 2026 йилги мавсуми 27 февраль куни старт олади. Мавсумнинг 1-тур учрашувларида «Динамо» жамоаси «Навбаҳор»ни қабул қилади. «ОКМК» ўз майдонида «Бунёдкор»га қарши баҳс олиб боради. «Насаф» эса «Хоразм» жамоаси билан Ғузордаги марказий стадионда куч синашади.

Шунингдек, мазкур тур доирасида «Пахтакор» — «Қизилқум», «Бухоро» — «Қўқон-1912», «Андижон» — «Сўғдиёна», «Нефтчи» — «Машъал» ҳамда «Локомотив» — «Сурхон» учрашувлари ҳам ўтказилиши режалаштирилган.

Шуни таъкидлаш жоизки, 2026 йилги Ўзбекистон Суперкубоги финалида мамлакат кубоги ғолиби «Пахтакор» ҳамда Суперлиганинг амалдаги чемпиони «Нефтчи» жамоалари ўзаро тўқнаш келади. Ушбу учрашув 15 март куни Андижон шаҳридаги «Бобур Арена» стадионида бўлиб ўтиши кутилмоқда.
Маълумот учун, 2025 йилги Ўзбекистон Суперкубогида «Насаф» жамоаси «Андижон» устидан 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган эди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА