2026 йил 15 январдан бошланадиган аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбири мамлакат ҳаётида стратегик аҳамиятга эга муҳим жараён сифатида қабул қилинмоқда.
Ушбу тадбир оддий статистик ҳисоб-китоб сифатида эмас, давлат бошқарувини ишончли ва аниқ маълумотлар асосида ташкил этиш ҳамда иқтисодий ва ижтимоий ривожланишни режалаштириш учун асосий замин яратади.
Рўйхатга олиш натижалари мамлакатнинг демографик ва иқтисодий манзарасини аниқлайди. Аҳолининг сони ва таркиби, яшаш шароити, иш билан таъминланиш даражаси, хўжалик субъекти сифатида ҳар бир хонадоннинг имкониятлари ва қишлоқ хўжалигига оид кўрсаткичлар давлатга бугунги вазиятни баҳолаш ҳамда келгуси ўн йилликда юзага келиши мумкин бўлган эҳтиёжларни олдиндан аниқлаш имконини беради.
Аҳоли рўйхатга олиниши асосида ҳудудларда таълим, соғлиқни сақлаш, уй-жой қурилиши, инфратузилмани ривожлантириш ва ижтимоий ҳимоя дастурлари режалаштирилади. Масалан, қайси шаҳарда болалар боғчаси ва мактаблар қуриш зарурлиги, қайси ҳудудда тиббий хизматларни кенгайтириш, қайси соҳаларда меҳнат бозорида ишчи кучига эҳтиёжнинг ортиши аниқланади.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида йиғиладиган маълумотлар мамлакат иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятга эга. Ер ресурсларидан фойдаланиш даражаси, чорва сони, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми, мавжуд захиралар ва уларнинг самарадорлиги иқтисодий режалаштиришда муҳим кўрсаткичлар ҳисобланади. Ҳар бир хонадон томонидан тақдим этилган маълумот кейинги давлат дастурлари, инвестиция лойиҳалари ва қишлоқ хўжалиги ривожланиши стратегиясини белгилашда асос бўлиб хизмат қилади.
2026 йилги аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбири икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқич 15 январдан 31 январгача онлайн рўйхатдан ўтиш шаклида бўлиб, фуқаролар census.stat.uz ягона расмий платформа орқали мустақил равишда тез ва қулай тарзда маълумот бериш имконига эга бўлади. Иккинчи босқич 4 февралдан 28 февралгача уйма-уй юриб рўйхатга олиш шаклида ташкил этилади. Бу онлайн рўйхатдан ўтмаган фуқароларни тўлиқ қамраб олиш ва барча маълумотларни ягона расмий базага киритиш учун амалга оширилади.
Маҳалла еттилиги аъзолари махсус бейджиклар билан фаолият олиб боради, маълумотлар хавфсиз тарзда сақланади. Шахсга доир маълумотларнинг махфийлиги қонун билан кафолатланган. Маълумотлар бошқа идораларга тақдим этилмайди ва телефон қўнғироқлари ёки ижтимоий тармоқлар орқали сўралмайди. Онлайн рўйхатдан ўтиш фақат махсус ишлаб чиқилган расмий платформа орқали амалга оширилади.
Рўйхатга олинган маълумотлар асосида ҳудудларда келгуси давлат дастурлари, шу жумладан, мактаблар, боғчалар ва тиббиёт муассасалари қурилиши режалаштирилади, меҳнат бозорида эҳтиёжлар аниқланади ва қишлоқ хўжалиги соҳасида самарали стратегиялар ишлаб чиқилади. Шунингдек, иқтисодий ривожланиш, инвестиция лойиҳаларини аниқлаш ва маҳаллий маҳсулотлар ҳажмини прогноз қилиш имкони пайдо бўлади.
Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш мамлакат келажагини режалаштиришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга тадбир ҳисобланади. Фуқароларнинг фаол иштирок этиши бугун тақдим этилган аниқ маълумотлар орқали эртанги тараққиёт ва барқарор ривожланиш учун асос яратади.
Асқар Ташназаров,
Вилоят статистика бошқармаси бошлиғи.
ЎзА