Пойтахтимизда Ўзбекистон мамлакат платформасининг 2-давра суҳбати бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳамда Европа Иттифоқи ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда маҳаллий ва хорижлик масъуллар ҳамда мутахассислар иштирок этди.
Унда қайд этилганидек, Мамлакат платформаси йиғилишларини ўтказишдан мақсад самарали мувофиқлаштирилган ҳамкорлик орқали стратегик ривожланишга кўмаклашиш, мамлакат иқтисодиётининг барқарор ўсишини таъминлаш учун халқаро тажриба, ресурсларни тўғри сафарбар этиш ҳамда техник ёрдам беришдан иборат.
–Стратегик ислоҳотлар агентлиги вазирлик ва идораларнинг ривожланиш бўйича ҳамкорлар билан ўзаро муносабатларини мувофиқлаштиришда муҳим ўрин эгаллайди. Шу билан бирга, Президентимизнинг ПҚ-109-сонли қарори билан тасдиқланган “Йўл харитаси”нинг муваффақиятли амалга оширилишини таъминлаш ҳамда давлат бошқаруви тизимида самарадорлик ва масъулиятни оширишда муҳим аҳамият касб этади. Бугунги ташкил этилган тадбир ҳам ана шундай ишларнинг натижали бўлишида катта мулоқот майдони вазифасини ўтайди, –деди Стратегик ислоҳотлар агентлиги директори Баҳодир Раҳматов.
Давра суҳбатида иштирокчилар Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнлари ва бу борада ҳукуматнинг 2026 йилгача бўлган мақсадларини қўллаб-қувватлашда мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатлар аҳамияти ҳақида ҳам сўз юритди.
Тадбирда айтиб ўтилганидек, жорий йилнинг май ойида Ўзбекистон мамлакат платформасини қўллаб-қувватлаш функциялари Жаҳон банкидан Европа Иттифоқи зиммасига топширилди ва ушбу жараён 2025 йил охиригача давом этади.
– Бизнинг умумий мақсадимиз – Ўзбекистонни ислоҳотлар йўлида қўллаб-қувватлашдан иборат. Платформа – бу биргаликда саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, биргаликда ёндашиш, фаровонлик, барқарор ривожланиш ва ҳеч кимни ортда қолдирмаслик имкониятидир, – деди ЕИнинг мамлакатимиздаги элчиси Шарлотта Адриан.
Давра суҳбати якунида ҳукумат ва ривожланиш бўйича ҳамкорлар Ўзбекистон халқи манфаати йўлида ўз вақтида ислоҳотларни илгари суриш мақсадида Европа Иттифоқи Котибиятга иш режаларини тақдим этиш, мунтазам равишда қўллаб-қувватлаш ва ахборот алмашинувини таъминлашга келишиб олди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА