Тошкент шаҳар Яккасарой туманидаги 558-сайлов участкасида сайлов жараёни қизғин давом этмоқда. Сайловчиларга сайловда эркин иштирок этиш учун зарур шарт-шароитлар яратилган. Жисмоний имконияти чекланган фуқароларнинг овоз беришда иштирок этиши муҳим ҳисобланади.
Шу мақсадда ҳар бир сайлов участкаси ногиронлар аравачалари учун алоҳида пандус билан жиҳозланди. Бундан ташқари, кабиналарнинг бири ногиронларнинг овоз бериши учун мўлжалланган. Кўзи ожиз фуқароларга брайль алифбосида сайлов мавзуси бўйича рисолалар ҳамда улар учун мўлжалланган сайлов бюллетенлари тайёрланган.
Сайловчилар жуда фаол ва улар орасида ёши улуғлардан тортиб, ёшлар, хотин-қизлар, турли касб эгаларини учратиш мумкин.
– Барча сайловчилар берган овоз юрт эртасини белгилайди, – дейди Яккасарой туманида истиқомат қилувчи Зокир ота Мавлонов. – Халқ бугун кимга юксак ишонч билдирса, у эртага бутун мамлакат тақдирини белгилаб берувчи жараёнларни бошқаради. Сайлов очиқ, эркин ўтиши керак. Мен ҳам ўзим муносиб топган номзодга овоз бердим. Мен оммавий ахборот воситаларида сайлов билан боғлиқ тадбирларда Президентликка номзодлар ҳақида батафсил маълумотга эга бўлдим. Овозим халқимизнинг эртанги куни бугунидан яхши бўлиши учун хизмат қилади, деб ишонаман.
Сайлов участкаларини кузатар экансиз, ўз ҳуқуқини ва бурчларини чуқур англаб етган ёш авлод мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўша оладиган фаол қатламга айланганига гувоҳ бўласиз.
— Президент сайловида илк бор иштирок этаётганим учун бироз ҳаяжондаман, – дейди Машҳура Одилова. – Бугунги муҳим сиёсий жараён юртимизнинг эртанги тараққиёт йўли қандай бўлишини белгилаб беради. Қонунчилигимизга кўра, сайловчининг сайловда овоз беришда иштирок этиши мажбурият эмас, балки ҳуқуқ саналади. Бироқ бу ҳуқуқдан самарали фойдаланиш, ўз тақдирини давлат, жамият, халқ тақдири билан боғлиқ ҳолда кўриш, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси бўлиш ҳар бир фуқаронинг инсонийлик бурчидир. Шу боис, ўз ҳуқуқимдан тўлатўкис фойдаланиб, юртим тақдирига дахлдор эканимни кўрсатдим. Ёш сайловчи сифатида муносиб номзодга овоз бердим. Зеро, мамлакат келажагига, унинг эртанги кунига бефарқ эмасман.
Овоз бериш қизғин давом этмоқда.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА