Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мамлакат ҳудудини қоплаган ўрмонларнинг майдони 4,7 миллион гектарга етказилган
15:01 / 2025-12-25

Ўрмонлар ер юзида ҳаёт барқарорлигини таъминловчи энг муҳим табиий бойликлардан бири ҳисобланади. Улар атмосферани тозалаш, кислород ишлаб чиқариш, иқлимни мувозанатда сақлаш ҳамда биологик хилма-хилликни муҳофаза қилишда беқиёс аҳамиятга эга.

Шунингдек, ўрмонлар сув захираларини сақлаш, ер эрозиясининг олдини олиш ва инсон саломатлиги учун соғлом муҳит яратишга хизмат қилади. Табиат ва жамият ўртасидаги мувозанатни таъминлашда ўрмонларни асраш ва оқилона фойдаланиш ҳар бир авлоднинг муҳим вазифасидир.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш доирасида мамлакатда ўрмон майдонларини кўпайтириш ва деградацияга учраган ҳудудларни тиклаш бўйича чоралар изчил кенгайтирилмоқда.

Жорий йилда ўрмонларни барпо этиш ва тиклаш ишлари 150,7 минг гектар майдонни қамраб олди. Ўрмон-мелиорация тадбирларининг асосий ҳажми Орол денгизининг қуриган туби ва Оролбўйи ҳудудига қаратилди. У ерда 145,2 минг гектар майдон ўзлаштирилди. Энг катта майдонлар Мўйноқ туманига тўғри келади, у ерда 90,5 минг гектарда ўрмонзор барпо этилган. Шунингдек, Бухоро вилоятининг бир қатор туманларида, Навоий ва Хоразм вилоятлари ҳудудларида ҳам сезиларли ишлар амалга оширилди. Мамлакатнинг бошқа ҳудудларида яна 5,5 минг гектар ўрмон барпо этилди.

Шу билан бирга, кўчатхоналарни ривожлантириш ва ўрмон хўжалигининг моддий базасини мустаҳкамлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Кўкаламзорлаштиришнинг барқарор суръатларини таъминлаш учун 979 тонна дарахт ва бута уруғлари тайёрланди. Мамлакатдаги барча ўрмон хўжаликларида 1300 гектар майдонда замонавий кўчатхоналар ташкил этилиб, у ерда маҳаллий тупроқ-иқлим шароитларига мослашган 123 миллион туп кўчат ва ниҳоллар етиштирилмоқда.

Ер деградациясининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чўл ва тоғолди ҳудудларида 1390 гектар майдонда ҳимоя ўрмон чизиқлари яратилди, бу тупроқ эрозиясини ва шамол таъсирини камайтиради. Тоғли ва адир ҳудудларда 41 гектарда ўрмонлар террасалаш усули билан барпо этилди. Бу эса нишабларни самарали мустаҳкамлаш ва табиий ландшафтларни сақлаш имконини беради. Қўшимча йўналиш сифатида доривор ва озиқ-овқат ўсимликлари плантацияларини ривожлантириш белгиланди, натижада 5890 гектар майдонда 7918 тонна маҳсулот етиштирилди.

Ўрмон фондидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш доирасида аввал паст самарали деб топилган 4842 гектар ерлар ўзлаштирилди. Бундан ташқари, 1530 гектар ўрмон фонди участкалари онлайн-аукционлар орқали ижарага берилди, бу эса хусусий инвестицияларни жалб қилиш ва ўрмон хўжалиги соҳасида тадбиркорликни ривожлантиришга ёрдам беради. Ислоҳотларнинг муҳим қисми илғор хорижий тажрибани жорий этиш бўлди. Шу мақсадда Хитой Халқ Республикасидан 30 минг туп бруссонетия кўчати олиб келинди, уларнинг асосида 100 гектар майдонда янги экспериментал плантациялар яратилди. Арнасой туманида шўрга чидамли ўсимликларнинг янги галофит боғини яратиш ишлари бошланди, бунинг учун Хитойдан шўрланган ерлар учун истиқболли бўлган 35 турдаги галофит ўсимликларнинг 1315 килограмм уруғи импорт қилинди.

Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида мамлакат ҳудудини қоплаган ўрмонларнинг майдони 4,7 миллион гектарга етди. Бу кўрсаткичлар “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мақсадларининг изчил бажарилаётганини ҳамда экотизимларни тиклаш, табиий ресурсларни сақлаш ва атроф-муҳит сифатини яхшилаш бўйича узоқ муддатли, илмий асосланган сиёсат шаклланаётганини яққол акс эттиради.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА