Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ёки яшаш жойини танлаш ҳуқуқи кафолатланади
15:36 / 2025-12-01

Ўзбекистоннинг янги таҳрирда қабул қилинган Конституцияси инсон қадрини юксак қадрият сифатида эътироф этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларнинг амалий натижасидир. Асосий қонунда инсоннинг мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиши, турар ёки яшаш жойини мустақил танлаши, шунингдек, четга чиқиш ва ватанга эркин қайтиш ҳуқуқи кафолатланди.

Конституциянинг 32-моддасида бу фундаментал ҳуқуқлар аниқ ва қатъий тартибда мустаҳкамланган.

Эндиликда шахснинг қаерда яшаши, қаерга бориши ёки кўчиши давлат томонидан сунъий тарзда чекланиши мумкин эмас. Бу эса ҳуқуқий демократик жамиятнинг муҳим белгиларидан бири сифатида намоён бўлмоқда.

Янги конституцион меъёр нафақат Ўзбекистон фуқароларини, балки мамлакат ҳудудида қонуний асосда бўлиб турган барча шахсларни қамраб олади. Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам миллий қонунчилик асосида эркин ҳаракатланиш ва яшаш ҳуқуқига эгадирлар. Бу, ўз навбатида, мамлакатнинг очиқ ва инсонпарвар давлат сифатидаги нуфузини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Охирги йилларда амалга оширилган муҳим ўзгаришлардан бири – рўйхатга олиш тартибининг соддалаштирилиши бўлди. Паспорт ёки уй дафтарига штамп қўйиш амалиёти бекор қилинди. Рўйхатдан ўтиш жараёнлари Ички ишлар вазирлигининг “Манзил” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали “ягона дарча” тамойили асосида амалга оширилмоқда. Бу фуқаролар учун ортиқча вақт ва саъй-ҳаракатлар сарфини кескин камайтирди.

Рўйхатдан ўтиш муддати 1 кун этиб белгилангани, вақтинча рўйхат муддатининг эса 1 йилгача узайтирилгани аҳоли учун катта қулайлик яратди. Шунингдек, ҳар бир шахс доимий ёки вақтинча рўйхатдан ўтмасдан 10 кунгача яшаши мумкинлиги ҳуқуқий асос сифатида белгилаб қўйилди.

Энг муҳим жиҳатлардан бири — рўйхатга олиш қоидаларини бузган шахсни яшаш манзилидан чиқариб юбориш мумкин эмаслиги. Бу меъёр фуқароларнинг дахлсизлигини таъминлаш, давлат ва шахс муносабатларида адолат ва инсонпарварлик тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Конституцияда мамлакатдан эркин чиқиш ва унга қайтиб кириш ҳуқуқи ҳам аниқ белгилаб қўйилган. Фуқароларнинг четга чиқиши фақат қонунда назарда тутилган айрим ҳолларда вақтинча чекланиши мумкин, мансабдор шахслар томонидан асоссиз тўсиқ қўйиш эса ман қилинган. Ватанга эркин қайтиш ҳуқуқи эса мутлақ конституцион кафолат сифатида эътироф этилган. Бу, айниқса, чет элда вақтинча ишлаб ёки яшаб турган фуқаролар учун муҳим аҳамият касб этади.

Янгиланган Конституция мамлакатда очиқ ва барқарор ҳуқуқий муҳитни шакллантиришга, ички миграцияга оид маъмурий тўсиқларни босқичма-босқич бартараф этишга хизмат қилмоқда. Рўйхатдан ўтиш тизимининг рақамлаштирилиши эса фуқароларнинг кундалик ҳаётида янада кенг имкониятлар яратди.

Шу тариқа, Ўзбекистоннинг янги Конституцияси ҳар бир шахснинг эркин ҳаракатланиш, кўчиш ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқини кафолатлаб, инсон қадрини устувор қиймат сифатида эътироф этишда навбатдаги муҳим қадам бўлди.

Сабина Турсунова,  

Жамоат хавфсизлиги университети

доценти.