Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мамашариф бобо: “Ҳеч қачон уруш бўлмасин”
15:55 / 2023-05-08

Жиззах вилоятида 9 май – Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланиб, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, ногиронлари ва фронт орти меҳнат фахрийларининг ҳолидан хабар олинмоқда.

Президентимизнинг жорий йил 2 майдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида” ги фармони доирасида уларнинг ҳар бирига 18 миллион сўмдан бир марталик пул мукофоти, тилла суви юритилган “Шердор” соати ва бошқа кўплаб қимматбаҳо ҳамда эсдалик совғалари тантанали равишда топширилмоқда.  

Жумладан, Шароф Рашидов туманида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Мамашариф бобо Содиқовга 9 май – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 78 йиллиги муносабати билан давлатимиз раҳбарининг байрам табриги, қимматбаҳо ва эсдалик совғалари ҳамда бир марталик пул мукофоти етказилди.  

101 ёшли Мамашариф бобо Содиқовнинг хонадонида Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев, Шароф Рашидов тумани ҳокими Маҳмуд Холбўтаев, Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий округи ҳарбий оркестри, Миллий гвардия вилоят бошқармаси, ҳуқуқ-тартибот идоралари, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими, ўқувчи-ёшлар ҳозир бўлди.  

[gallery-11775]

Вилоят ҳокими Эргаш Салиев Президентимизнинг Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди ва Мамашариф бобо Содиқовга 18 миллион сўм пул мукофоти ва байрам совғаларини топширди. Уруш фахрийсига берилган тилла суви юритилган “Шердор” соати давлатимиз раҳбарининг уруш фахрийларига бўлган ҳурмати белгисидир.  

Шунингдек, Мамашариф бобога вилоят, туман ҳокимликлари, “Нуроний” жамғармаси, Марказий ҳарбий округ томонидан ҳам моддий рағбатлантириш ва совға саломлар тақдим этилди. Булардан ташқари, вилоят мудофаа ишлари бошқармаси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят кенгашлари ва бошқа кўплаб ташкилотлар томонидан ҳам эҳтиром кўрсатилди.  

Мамашариф бобо Содиқовнинг хонадонида ҳақиқий байрам. Шароф Рашидов тумани умумтаълим мактаби ўқувчилари ҳамда туман маданият уйи қошидаги ҳаваскорлар томонидан она – юрт, тинчлик, мустақилликни улуғловчи, фашизм устидан қозонилган ғалабани шарафловчи шеър, қўшиқлар янгради, ҳарбий оркестр ижросидаги тантанавор куйлар барчага хуш кайфият улашди.  

Ҳозирда 101 ёшни қаршилаган, уруш фахрийси Мамашариф Содиқов ўз меҳнат фаолияти ва ибратли ҳаёти билан барчага ўрнак бўлган. У ҳалол меҳнат қилиб, фарзандларини камолга етказди. Бугун эса фарзандлари, невара, чевара, гавара ва эвараларининг, қолаверса ҳукуматимиз ардоғида.  

Учрашув давомида бобо ватан озодлиги учун кечган жанглар, урушдан кейинги тикланиш даври машаққатлари, ўзининг мазмунли меҳнат фаолияти тўғрисида ҳикоя қилиб берди.  

– Қаранг қандай дориломон кунларда, жаннатмакон юртда яшаяпмиз. Ҳеч бир байрам йўқки, Президентимизнинг кўплаб совға-саломлари билан биз фахрийларни йўқлаб келишмаса. Соғлигим доимий назоратда. Бугунги дориломон кунларнинг қадрига етиб, худога шукрона айтиб дуода бўлишимиз керак. Урушнинг оти ўчсин. Энди ҳеч қачон уруш бўлмасин. Яратган осмонимизни ҳамиша мусаффо қилиб, халқимизни фаравон, юртимизни тинч қилсин. Шу Ватанни оқилона бошқариб турган Юртбошимизнинг азиз бошлари омон бўлсин, вилоятимиз, туманимиз раҳбари ҳам соғ-саломат бўлсин, Омин, – дея Мамашариф бобо Содиқов  барчага омад тилаб дуо қилди.  

А.ҚАЮМОВ,  

Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА