Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Мамадали Топиболдиевни ўзбек ва беларусь халқи фарзанди деб биламиз”
12:53 / 2025-09-21

Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллиги муносабати билан МДҲ мамлакатлари ахборот агентликлари ходимлари учун ташкил этилган “Ғалаба йўллари” халқаро медиа тури қатнашчилари Беларусь Республикаси Минск шаҳридаги Улуғ Ватан уруши тарихи давлат музейида бўлди.

Ўтган аср қирқинчи йилларида фаолият бошлаган ва 2014 йилда Беларусь Республикаси озод этилганининг 70 йиллиги шарафига қайта ташкил этилган музейдан Беларусь давлати ва халқининг Иккинчи жаҳон уруши йилларида бошидан кечирган азоб-уқубатлари, шаҳар ва қишлоқларнинг вайрон этилгани, собиқ совет қўшинлари ва партизанлик ҳаракати иштирокчиларининг мардонавор кураши ҳақидаги қимматли маълумотлар ва тарихий ашёлар, уруш йилларида фойдаланилган ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар ўрин олган. Замонавий технологиялар, мултимедиа воситалари орқали яратилган ҳар бир экспозиция томошабинда уруш даври ҳақида ёрқин тушунча беради, ҳеч бир ашё ёки маълумот эътибордан четда қолмайди.

[gallery-25386]

– Беларусь давлат Улуг Ватан уруши тарихи музейи халқимиз ва собиқ иттифоқдош давлатлар фуқароларининг қаҳрамонликлари ва қурбонликларнинг ҳужжатли ва моддий далилларини намоён этадиган маскан, – дейди музей директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари Римма Рум. – Музей экспозицияларидаги 160 мингдан ортиқ ашёлар, тарихий ҳужжатлар бугун ҳам олиб борилаётган қидирув ва ўрганишлар жараёнида қўлга киритилаётган янги топилмалар, фуқаролар тақдим этаётган буюм ва маълумотлар билан бойитиб борилмоқда. Демоқчиманки, музейда қотиб қолган эмас, тирик тарих яшамоқда, кўз ўнгимизда жонланмоқда.

Музей бўйлаб экскурсия якунида охирги экспозиция – беларуслик ва бу заминни фашист босқинчиларидан озод этишда жасорат кўрсатган 2143 нафар собиқ Совет Иттифоқи Қаҳрамони ва 73 нафар “Шон-шараф” орденига сазовор бўлганлар номи битилган Ғалаба залида қаҳрамонлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Жумладан, ўзбекистонлик 17 нафар жангчи Беларусь заминини фашистлардан озод этишда жасорат кўрсатиб, қаҳрамон бўлгани айтилди.

– Ўзбекистонлик қаҳрамонларнинг ҳам номи залдаги деворда ёзиб қўйилган ва улар ҳақидаги батафсил маълумотлар интерактив экран ва музейимиз веб сайтида мавжуд, – дейди Римма Рум. – Бу қаҳрамонларнинг ҳар бири биз учун қадрли, уларнинг жасорати олдида бош эгамиз ва хотираси халқимиз қалбида мангу яшайди. Айниқса, партизанлик ҳаракатининг фаол иштирокчиси, фарғоналик Мамадали Топиболдиев номини алоҳида ҳурмат билан тилга оламиз. Уруш йилларида “Казбек” деган ном билан танилган бу инсонни ўзбек ва беларусь халқи фарзанди деб биламиз. Бизда унинг номи қўйилган қишлоқ ва бошқа объектлар бор, унинг жасорати ҳақида фильм суратга олинган. Музейимизда Мамадали Топиболдиев сурати ва унга берилган Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони гувоҳномаси нусхаси сақланади. Урушдан кейин ҳам ҳаётлик чоғида у Беларусга тез-тез келиб турган, халқимиз қаҳрамонни яхши билади. Ўтган йил музейимизга унинг фарзанди ва набираси келганди ва улар қаҳрамон жангчининг айрим буюмларини музейимизга беришини айтганди. Умуман, Иккинчи жаҳон уруши билан боғлиқ тарихни ўрганиш борасида ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан яқин ҳамкорлик ўрнатганмиз.

Тошкентда ташкил этилган Ғалаба боғидаги “Шон-шараф” музейи экспозицияларини яратишда уларга яқиндан ёрдам бердик.

Халқаро медиа тур қатнашчилари Минск шаҳри яқинидаги “Сталин чизиғи” деб номланган тарихий-маданий мажмуасида ҳам бўлиб, уруш вақтида мамлакатнинг муҳим мудофаа нуқталаридан бири бўлган объект ва бу ердаги ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар билан танишди.

Ғолиб Ҳасанов, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА махсус мухбирлари

Беларусь Республикаси Минск шаҳри.