French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Малина ҳам шифобахш, ҳам харидоргир мева
10:08 / 2025-07-15

Малина етиштириш – қишлоқ хўжалигида фойдали ва даромадли йўналишлардан бири ҳисобланади. Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани Қани қишлоғида яшовчи Нўъмон Худойқулов ҳам айнан шу йўналишда муваффақиятли иш олиб бормоқда. 6 сотих томорқасида малина етиштириб, яхшигина даромад топмоқда.

Нўъмон Худойқулов малина мевасидан тайёрланган мураббога иштиёқманд бўлгани боис бундан ўн йил аввал 50 туп кўчатини олиб келиб томорқасининг бир четига экади ва парваришлай бошлайди. Меҳр тўла эътибордан баҳраманд бўлган малина буталари баравж ўсиб ҳосилга киради. Унинг турмуш ўртоғи Зебо Жўраева малина етиштиришга алоҳида эътибор қаратади. Шу-шу ҳавасаки бошланган малиначилик оила учун яхшигина даромад келтирадиган тармоққа айланади.  

– Айниқса, нафақага чиққач, чуқурроқ шуғуллана бошладик, – дейди Нўъмон Худойқулов. – Кўчатларини кўпайтириб, экин майдонини 6 сотихга етказдик. Бир мавсумда икки марта ҳосил оламиз. Май ойининг охиридан августнинг охиригача малина терамиз. Харидорлар уйдан келиб олиб кетишади.  

Деҳқоннинг таъкидлашича, малина етиштиришда ернинг унумдорлиги жуда муҳим. Шу боис доимий равишда маҳаллий ўғит билан бойитиб турилиши керак. Ушбу резавор мева сувни кўп талаб қилади. Бу ҳам агротехникадаги муҳим жиҳат ҳисобланади.  

[gallery-24310]

– Эрта тонгдан малиназорга кириб меҳнат қиламиз, – дейди боғбоннинг турмуш ўртоғи Зебо Жўраева. – Қуриб қолган ва ортиқча новдаларини қирқамиз, бегона ўтларини юламиз. Осилиб қолган шохларини симбағазга илдириб чиқамиз ва ҳоказо. Кексалик, уйда бошқа қиладиган иш ҳам йўқ. Бор эътиборимизни томорқадаги экинларга қаратамиз. Кўриб турганингиздек натижалар ёмон эмас.  

Малина терими одатда май ойидан сентябр ойигача давом этади. Бу вақт мобайнида боғбон ҳар мавсумда тахминан 800-1000 килограммгача малина териб олади. Бу миқдор кичик томорқада ҳам яхши ҳосил олиш мумкин эканини кўрсатади. Жорий йилда малинанинг нархи ҳам кўтарилган бўлиб, бошланишида 40 минг сўмдан сотилган бўлса, ҳозирги кунда унинг нархи 70 минг сўмга етган. Бу бозорда малинага талабнинг ортганини англатади.

Малина етиштириш нафақат шахсий эҳтиёжларни қондириш, балки қўшимча даромад манбаи ҳам бўлиши мумкин. Нўъмон Худойқулов фаолияти бунга яққол мисол. У малина етиштириш орқали кичиккина томорқасидан 50 миллион сўмгача даромад олмоқда.

Айтиш жоизки, малина меваси нафақат харидоргир, балки жуда шифобахшдир. Маълумотларга кўра, янги меваси, қуритилгани, мураббоси ва барги грипп, шамоллаш каби хасталикларни даволашда энг самарали восита сифатида фойдаланилади. Шунингдек, ушбу резавор мева гастрит, камқонлик, гипертония, юрак қон-томир хасталикларини даволашда ҳам қўлланилади.  

Нўъмон Худойқулов таъкидлаганидек, юракдан меҳнат қилинса, албатта роҳати ҳам бўлади. Энди нафақага чиқдим, дам олишим керак, деб ётиб олмади, қайтанга томорқасидаги экинларга ҳар қачонгидан-да кўпроқ эътибор қарата бошлади. Бу орқали ҳам маданий ҳордиқ олиб, соғломликка эришмоқда, ҳам мўмайгина даромад қилиб, оила бюджетига киритмоқда.  

<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/tfMkuJc6COM?si=Y2eQ2T3NNluvVA78" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари