Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Малина етиштирган битта оила 50 миллион сўм даромад олмоқда
12:13 / 2020-06-22

Олтиариқликлар бодринг ва узум, қуваликлар анор, гилос, риштонликлар кўкатлар етиштиришни ҳадисини олган.


Фарғона вилоятининг ҳар бир ҳудуди томорқачиликда ўзига хос тажриба яратган. Олтиариқликлар бодринг ва узум, қуваликлар анор, гилос, риштонликлар кўкатлар етиштиришни ҳадисини олган.

Водил малинасининг таърифи жуда машҳур. Фарғона туманининг кўплаб маҳаллалари шифобахш ва мўмай даромад манбаи бўлган малина етиштиришда бой тажрибага эга. Хусусан, «Наврўз» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи аҳоли малинадан икки марта ҳосил олади. Ёзнинг дастлабки ойи малина пишган палла ҳисобланади. Шу боис маҳсулотнинг харидорлари кўп. Маҳаллада маҳсулотлар билан савдо қилувчи мавсумий бозор ташкил қилинган. Бу томорқа эгаларига маҳсулот сотиш билан боғлиқ ортиқча овворагарчиликларга барҳам беради. Томорқачилар эътирофига кўра, малина экини парваришни яхши кўрувчи экин тури ҳисобланади. Шу боис унга меҳр берган киши меҳнатининг самарасини кўради.

Салоҳиддин Узоқов томорқада малина етиштириш, кўчат тайёрлаш борасида кўпга ибрат бўлиб келмоқда. Айни кунда 6 сотих томорқасидаги малина экинлари қийғос ҳосилга кирган. Томорқачининг қўли-қўлига тегмайди. Ҳар куни 200 - 300 килограммга етказиб ҳосил териб олмоқда. Бир килограмм малинанинг улгуржи баҳоси 10 -11 минг сўм эканлигини ҳисобга олсак, хўжалик олаётган даромад чўғини чамалаб олиш қийин кечмайди. Ҳозирга қадар 8 миллион сўмдан ортиқ маҳсулот сотилибди.

Кўм-кўк буталар орасида алвондек тобланиб, кўзни қамаштираётган мевалар ҳосил чўғи мўллигидан дарак бериб турибди. Томорқачининг ҳисоб-китобига кўра, биринчи ҳосилдан 12 миллион сўмдан ортиқ даромад олиш имконияти бор. Кузги ҳосил миқдори ҳам бундан кам бўлмайди.

Нафақадаги муаллима Мухтасар Рўзалиева маҳалладаги уста томорқачилардан. Бу хонадон томорқасида бўлган киши омилкорлик билан иш тутаётган миришкорлар меҳнати, изланишларига гувоҳ бўлади. Йигирма сотих томорқага садафдек терилган ниҳолларда пишиб етилган ҳосилнинг бозори чаққон. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, малинанинг илк ҳосилдан 50 миллион сўмдан ортиқ даромад олиш режалаштирилган. Бундан ташқари, томорқада лимон, мандарин, киви сингари цитрус мевалар ҳам парваришланмоқда. Экинлар атрофига тартиб билан экилган, гилос, олма, анжир, анор, хурмо мевалари ривожидан кўз қувнайди.

– Ўттиз йил ўқитувчилик қилиб нафақага чиққан бўлсамда томорқада меҳнат қилиш, изланиш, имконият қидиришни канда қилганим йўқ. Шунга яраша манфаат кўряпмиз. Уч ўғилни камолга етказиш, уйли-жойли қилишда томорқадан келаётган даромаднинг ҳиссаси катта, – дейди Мухтасар опа мамнунлик билан.

Хонадондаги ҳамжиҳатлик, тўкин-сочинлик, тинчлик-тотувликка кўпнинг ҳаваси келади. Эътиборли жиҳати, оила аъзолари ҳамжиҳат бўлиб яна бир хайрли ишга қўл урибди. Маҳалла ҳудудидаги бўш туган жойда сунъий қоплам футбол майдони, ишлаб чиқариш тармоқларини қуриш борасида янги лойиҳаларни ишга туширишга ҳозирлик кўрилмоқда. Бу маҳалла ҳудудини обод қилиш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш билан бирга, янги иш ўринлари яратиш имконини беради.

– Кафтдек томорқасига уруғ қадаган киши меҳнатининг роҳатини кўради, – дейди фуқаролар йиғини раиси Раббим Ҳожиев. – Аввало оила эҳтиёжи учун керакли бўлган маҳсулотларни ўзи етиштиради. Рўзғоридан ортиниб яқинларига улашади, бозорда сотиб даромад кўради. Оиладаги катталар меҳнати, изланишларини кўриб улғайган ёшлар ҳалол меҳнат қадр - қимматини ҳис этиб яшайди. Маҳалламиздаги 42 гектар томорқа экин майдонларида асосан малина етиштирилади. Маҳсулотлар маҳаллий бозорлардан ташқари, қўшни шаҳар ва туманлар, Тошкент, Самарқанд, Бухоро вилоятларига етиб боради. Бу йил малина кўчатларини етиштириш ва экспортга чиқариш борасида амалий ишлар бошланди. Бир дона кўчат қаламчаси 300 - 600 сўмдан сотилиб, илк экспорт қўшни Қозоғистонга амалга оширилди. Бу оилаларга даромад, фаровонлик олиб кирди. Маҳалламизда ўзгалар кўмагига муҳтож камбағал оилалар йўқ. Шу кунга қадар камбағал оила тоифасига кирган 2 нафар фуқаролар ҳақ тўланадиган жамоат ишларига ишга жойлашди, томорқадан унумли фойдаланиш билан боғлиқ ишларда амалий ёрдам кўрсатдик. Фақат ногиронлиги бўлган бир нафар фуқарога ижтимоий нафақа тайинланган.

Айтишларича, малина беозор ўсимлик бўлиб, асосан қаламча шаклда экиб, кўпайтириш имконияти бор. Кўчатларни баҳор ва куз ойларида экиш тавсия қилинади. Ниҳоллар икки йилда ҳосилга киради. Малина раъногулдошлар оиласига мансуб мевали ўсимлик бўлиб, унинг 120 дан ортиқ тури мавжуд. Бу ўсимлик Ўрта Осиё, Шарқий Сибир, Узоқ Шарқ, АҚШ ва Европа мамлакатларида ўсади. Малинанинг қуритилган меваси тиббиётда терлатувчи дори сифатида, шарбати суюқ дорилар таъмини хушбўйлаштиришда яхши самара беради.