Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маликалардай улуғвор, онадай меҳрли
11:34 / 2021-03-01

Бугун Ўзбекистон халқ шоираси Зулфия таваллуди куни

Ён дафтарлар вақти келиб ҳаётингнинг бир бўлагига, кўзгусига айланиб қолар экан. Суҳбатлар, учрашувлар, мушоиралар, анжуманларда дўстларинг, устозларинг, дугоналарингнинг чеҳралари ён дафтар саҳифаларидан чиқиб келаверади. Улар юрагингга нур бағишлайди, кўнглингни тўлдиради, ўтган йўлларингга ёруғлик сочиб туради. Устоз Зулфия (1915-1996 йиллар) билан ёнма-ён ишлаган йилларим, дилдан суҳбатлар менинг учун ана шундай ноёб бир туҳфа бўлиб қолган. Кундалик дафтаримни варақлайман. Зулфияхонимнинг иссиқ чеҳраси, самимий сўзлари, аслзода қиёфаси, меҳрибон нигоҳлари жонимга малҳам бўлади.

8 июнь 1982 йил. Ҳар йили Пушкиннинг таваллуд кунига бағишланган шеърият кечалари бўлиб ўтади. 7 июнь куни "Баҳор" концерт залида устоз Зулфияхоним пушкинхонлик кечасини бошқардилар. Зал одамлар билан тўлган, саҳна чиройли безатилган, улуғвор ва сипо либосларда Зулфия анжуманнинг маликасига ўхшардилар. Ўзбекча ва русча олиб борилган пушкинхонлик кечаси жуда файзли, мароқли ўтди.Шоиралардан Гулчеҳра Жўраева ва Ҳалимахон Пушкин шеърларидан ўқишди. Ҳар бир шоирга сўз бераркан, ниҳоятда гўзал лутф билан уларни саҳнага чорлар эди Зулфия опа. Ўша куни тишлари оғриса ҳам оғриқли кайфиятларини мутлақо сездирмай, пушкинхонлик кечасини бошқардилар.Эртаси куни ишга келдилар ва хоналарга ўтаётиб, менинг кабинетимга мўраладилар. Гулчеҳра Жўраева ва Шаҳодат Исахонова билан суҳбатлашиб ўтирган эдик. Зулфия опа биз билан сўрашдилар, киринглар, соғиниб кетдим сизларни, дедилар. Устоз ҳузурида анча суҳбатлашиб ўтирдик, шеърлар ўқидик, ҳаммамиздан ҳол-аҳвол сўрадилар.Мен церебролизин деган дори тополмаётганимни айтдим. Дарҳол дорихоналар бошқармасига телефон қилдилар. Чуқурсойдаги дорихонада бор экан, машиналарини юбориб, олиб келтириб бердилар. Энди яхши бўлиб кетасиз, деб тасалли бердилар. Устознинг бу меҳрибончилигидан кўнглим ийиб, аллақандай бир туйғу аро раҳмат айтишимни ҳам, қандай миннатдорчилик билдирсам, бу эътиборга лойиқ бўлишини билмай анча муддат жимиб қолдим. Ва узоқ тополмай юрган доридан муолажа бошлаб анча ўзимни енгил сеза бошладим.

10 июнь 1982 йил. Зулфия опа эрталаб ишхонага келиб, Эди Огнецветдан таржима қилган "Тасаввур этмам" сарлавҳали шеърни кўчиртирдилар. Кейин Максим Танкдан ўзлари ўзбек тилига ўгирган "Янка Купала қаршисида" шеърини ҳам кўчиртириб, қайта кўриб "Ўзбекистон адабиёти ва санъати" газетасига бердик. Зулфия опа ҳар куни саватчага солиб тарам-тарам олмалардан биз учун олиб келардилар. Бизни хурсанд, бахтиёр, чиройли кўрсалар, суюниб, мақтаб кўнгиллари тўлиб хурсанд юрардилар. Кўп шеърларини саҳарда ёзганларини айтардилар. Аслида Зулфия опа қуш уйқу эдилар. Кўпинча уйқу дори билан ухлардилар. Яхши ухламасалар ҳам доим ўктам, жасур ва кўркам қиёфада ишга келардилар.

-- Маним барча дардларим, қайғуларим – ҳаммаси уйда қолади.Остонадан қадам босиб чиқишим биланоқ мен бошқа Зулфияга айланаман, – дердилар.

Бетобликлари, нохуш кайфиятларини атрофдагиларга сездириб ўтиришни ёқтирмасдилар.  

Зулфия опа андек ғамгин, нохуш кўринсалар, биз дарров Ҳамид Олимжондан сўз очардик. Устознинг шеърларини ёд айта бошласам, Зулфия опа Ҳамид Олимжон шеърларидан ёд айтиб, суҳбатимиз қизиб, кайфиятлари кўтарилиб, жаннатмакон шоиримиз Ҳамид Олимжон ҳақида яйраб-яшнаб сўз очардилар. Бир куни ёзувчи Саъдулла Сиёевнинг "Сарвиноз" ҳикоясини тайёрлаб, олиб кирдим.Зулфия опа ҳикояни ўқиб маъқулладилар. Ундаги йигит образини нимаси биландир Ҳамид Олимжонга ўхшатган эдилар.

-- Биз Ойдин опа (Собирова) ва Ҳамид Олимжон билан бирга театрга ёки учрашувларга борсак, шундай қилар эдик. "Ҳозир Ҳамид Олимжон эшикни очиб, Ойдин опа билан мени ўтказиб юборадилар. Ҳозир Ҳамид Олимжон пальтоларимизни кийдириб қўядилар" дердик.Ҳамид Олимжон ёш боладай қувониб, оппоқ тишлари чарақлаб куларди-да, бизни олдинга ўтказиб юборар, пальтоларимизни кийдириб қўярди. Одамлар Ҳамид Олимжондай мағрур йигит шунчалар мулойим тортиб, гапга кирадиган бўлиб қолганига ҳайрон бўлишарди...

– Қиш кунлари эди,– сўзида давом этади Зулфия опа.– Яхмалак отишга чиқдик. Ўшанда Ҳулкар туғилишига озгина қолганди.

Яхмалак учай десам, учолмайман. Шунда Ҳамид Олимжон, қани, хоним, ўтиринг, мани пальтоимдан ушланг, мен сизни чана тортгандай яхмалак учираман, дер эди.Қийқириб, шодон бўлиб яхмалак учар эдик. Ҳамид Олимжон жуда меҳрли, сезгир, ниҳоятда топқир инсон эди. Бир кун зиёфатга бордик. Баланд пошнали туфли кийиб олганман. Юришга қийналаман. Қайтаётганимизда юриш яна машаққат бўлиб кетди. Шунда Ҳамид Олимжон, қани, хоним, туфлигингизни ечиб менга беринг, мана буни кийиб олинг деб, туфлисини ечиб оёғимга кийдириб қўйди. Мен Ҳамид Олимжоннинг катта туфлисини кийиб,у эса ялангоёқ уйга қайтганмиз...

Ҳаётнинг бу қувончли, завқли лаҳзаларини у кўзлари ёниб, юзлари ёришиб, худди ўша ҳолатни қайта бошидан кечираётгандек, ҳузурланиб сўзларди. Балки мана шу лаҳзаларнинг сўнмас ёди Зулфияга то сўнгги нафасигача куч-қувват, мадор, сабр-тоқат бергандир...

1 июль 1983 йил. Республикамизнинг жуда кўп жойларида шоира Жаҳон отин Увайсийнинг 200 йиллик тадбирлари бўлиб ўтди. Зулфия опа юбилей комиссияси раиси эдилар. Фарғонада, Шоҳимардонда, Марғилонда бўлиб ўтган увайсийхонлик кунлари файзи, шукуҳи Тошкентга кўчди. Баҳор саҳнасида халқимизнинг суюкли, таниқли олиму шоиралари. Зулфияхоним худди юлдузлар буржидаги энг ёрқин юлдуздай чарақлаб тўрда ўтирарди. У малла рангли, ҳошиялари ипак билан тикилган каштали кўйлакда малоикаларга ўхшаб кўринарди. Унинг теграсида булбул овозли Ҳалима Носирова, таниқли олималар Музайяна Алавия, Суюма Ғаниева, Маҳбуба Қодирова, Эътиборхон Иброҳимова чиройли бўлиб тизилишган. Кечанинг раисаси Зулфия шоиралар, хонанда қизларга илтифот ва назокат билан сўз берар, ғазаллар шеърларга, ашулаларга, сўзларга уланарди. Кеча файзга, сурурга тўлиб борарди. Мен ҳам ушбу кечада Жаҳон отин Увайсийнинг "Мандин ўрганди" радифли ғазалини ўқигандим. Устоз аруз вазнида жуда кам ёзсалар-да, бу кеча Увайсийнинг "Замона кулфатидин бу кўнгил доғ ўлди, доғ ўлди" ғазалига татаббу қилиб, ёзган "Тоғ ўлди, тоғ ўлди" радифли мухаммасини ўқиб бердилар. Мухлислар ҳаяжон билан тинглашди, узоқ олқишлашди. Азиз ҳофизамиз Ҳалима Носирова кеча бошланиши олдидан шогирди Мақсадхон Юнусовага Увайсийнинг "Забонингни келтургин эй шакарлаб тўти, гуфтора" матлаи билан бошланувчи ғазалини ўргатдилар. Мақсадхон бу ашулани шунчалар маромига етказиб куйладики, "Баҳор" концерт залининг шифтлари зириллаб кетди. Мақсадхон ашула айтаркан, Ҳалимахоним ҳам бармоқларини қарсиллатиб унга қўшилиб, ўтирган жойларида хиргойи қилиб бердилар. Назаримда, ўша ғазалхонлик кечасида нафақат Увайсий, балки Зебунисобегим, Нодирабегим, Анбар отин ва Дилшод Барноларнинг руҳлари шод бўлди. Ғазал ва куйнинг оҳангидан диллар сел бўлди. Кўнгилларга ҳаёт шавқи ва завқ тўлган эди. Зулфияхоним бошқарган ҳар бир анжуман, шеърият кечаси шундай мароқли, бетакрор ва файзли ўтарди.

Зулфияхоним дўстларига, устозларига, яқинларига ниҳоятда меҳрибон ва садоқатли эди. Уларнинг қийин-қаттиқ кунларида, яхши-ёмон лаҳзаларида ёнида бўлишни, кўнглини кўтаришни яхши кўрарди.

Зулфия опа қардош мамлакатларга, жаҳоннинг барча давлатларида катта анжуманларда қатнашар, минбарларда сўз айтар, шеър ўқирди. Ҳамиша ёнларида Шарқнинг буюк олимлари, шоирлари азим чинордай уни паноҳига олиб боришарди. Ғафур Ғулом, Мирзо Турсунзода, Константин Симонов, Мустай Карим, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Миртемир... Уларни Зулфияхоним катта оғаларидай ҳурмат қилар, эъзозлар, муҳаббат ва эҳтиром тўла сўзлари билан алқар эди.

Ўзи улуғларга ҳурмат кўрсатиб, иззатини жойига қўйган одамларгина эл ичра обрў-эътибор, шону шуҳрат топадилар ва шогирдларининг меҳри, соғинчида яшайдилар. Зулфияхоним ҳам ана шундай буюк устоз мақомига эришган, шону шуҳрат аршига кўтарилган ва мангуликка дахлдор бўлиб қолган ёрқин сиймолардан биридир.

Ойдин ҲОЖИЕВА,

Ўзбекистон халқ шоираси