Давлат активларини бошқариш агентлиги хабарида қайд этилишича, тегишли хусусийлаштириш дастурига кўра, "No’kis vinozavodi" АЖ устав капиталидаги 51,0 фоиз улушни хусусийлаштириш кўзда тутилган.
Шунга кўра, Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги "UzAssets" инвестиция компанияси мазкур жамият устав капиталидаги акция пакетини "Qarataw sawda bazasi" МЧЖга 17,5 млрд. сўм харид қиймати ҳамда 3,4 млн. АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш шарти билан сотилгани тўғрисида баёнот берди.
Шунингдек, Давлат тендер комиссиясининг тегишли қарорига мувофиқ қуйидаги давлат кўчмас мулк объектларининг оммавий савдо жараёнлари ғолиблари белгиланди.
"Пойтахт бизнес мажмуаси" МЧЖ мулкий мажмуаси 164,0 млрд сўмга, "Малика" савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси 125,0 млрд. сўмга, "Белдерсой оромгоҳи" дам олиш маскани 107,0 млрд. сўмга сотилди.
Таъкидлаш жоизки, президентнинг 2020 йил 27 августдаги ПФ-6053-сон фармони талабларига кўра, "Чорвоқ" туристик-рекреацион зонаси дирекцияси ҳудудида амалга ошириладиган лойиҳалар Дирекция билан келишилган ҳолда амалга оширилади.
Шунингдек, дарахт ва буталарнинг кесилишига жорий этилган мораторий талабларига риоя қилинади.
ЎзА