Мали Даниядан мамлакат ҳудудига яқинда жойлаштирилган ҳарбий контингентини олиб чиқишни талаб қилди, дейилади мамлакатнинг ўтиш ҳукумати тарқатган коммюникесида.
Баёнотда айтилишича, Мали ҳукумати Даниянинг махсус кучлари контингенти “Такуба” миссияси доирасида мамлакат ҳудудига жойлаштирилаётганини "ҳайрат билан кузатиб турибди". Ҳукуматнинг таъкидлашича, Дания ҳарбий кучлари Мали ҳудудига унинг розилигисиз жойлаштирилган.
"Мали Республикаси ва Дания Қироллиги ўртасидаги дўстона ва самарали ҳамкорликка асосланган муносабатларга путур етказмаслик учун Мали Республикаси ҳукумати Данияни ҳарбий контингентини зудлик билан мамлакат ҳудудидан олиб кетишга чақиради, — дейилади ушбу Африка мамлакати тарқатган баёнотда.
Ўтган ҳафта Дания Малига “Такуба” миссиясида иштирок этиш учун 90 кишидан иборат ҳарбий контингентини жойлаштириши ҳақида маълум қилганди. Хабарда ушбу амалиётдан кўзланган мақсад тинч аҳолини террорчилардан ҳимоя қилиш экани таъкидланган.
Бундан аввалроқ Ғарбий Африка давлатлари иқтисодий ҳамжамиятига кирувчи мамлакатларнинг (ЭКОВАС) радиостанцияси Малига санкция эълон қилингани ҳақида хабар тарқатган эди. Бунга Мали ташқи ишлар вазири Абдулай Диопнинг ўтиш даврини 2022 йил февралда сайлов ўтказиб якунлаш имконсиз, деб берган баёноти сабаб бўлган эди.
ЭКОВАС Ғарбий Африка давлатлари марказий банкларидаги Мали активларини музлатиб қўйишга, чегараларни ёпишга ва мамлакат билан тижорат амалиётларини тўхтатиб қўйишга қарор қилди. Шунингдек, ЭКОВАС Малидаги элчиларини чақириб олди ва ушбу мамлакатга молиявий ёрдам бериш бўйича ҳам санкция жорий қилди. Ушбу санкцияларнинг жорий қилинишини АҚШ ва Франция ҳам қўллаб-қувватлагани айтилмоқда.