Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мали БМТ миссиясининг матбуот котибини мамлакатдан чиқариб юборишга қарор қилди
14:45 / 2022-07-21

Мали БМТнинг барқарорлаштириш бўйича Кўп тармоқли комплекс миссияси (МИНУСМА) матбуот котибини мамлакатдан чиқариб юборишга қарор қилди, деб хабар тарқатди мамлакат ташқи ишлар вазирлиги.

Баёнотда келтирилишича, ушбу чора ташкилот матбуот котиби Оливье Сальгадонинг ижтимоий тармоқда эълон қилган мақоласи мақсадга мувофиқ бўлмагани учун қўлланилди. Мақолада ҳеч қандай далилларсиз Кот-д'Ивуардан 49 нафар ҳарбий хизматчи 10 июлда Мали пойтахти Бамако аэропортига фуқаро рейсида келгани ҳақида ҳукумат олдиндан хабадор қилинган, деб ёзган.  

Бундан ташқари, МИНУСМА  матбуот котиби ушбу хабарга далил келтириши ёки ёлғонлигини тасдиқлаб раддия билдиришини сўраб жўнатилган расмий сўровга ҳам жавоб бермагани айтилади.  

Ўтган ҳафтада Мали ҳукумати БМТнинг тинчлик ўрнатувчи ҳарбий миссияси фаолиятини тўхтатиб қўйгани ҳақида маълум қилганди. Ушбу қарорнинг қабул қилинишига  БМТ миссияси доирасида Малига Кот-д'Ивуардан келган 49 нафар ҳарбийнинг ҳибсга олингани сабаб бўлди. Мали ҳукуматининг маълум қилишича, улар  ёлланган ҳарбийлар ҳисобланиб, Малида давлат тўнтаришини режалаштирган бўлиши мумкин.  

2012 йилда Малида ҳукумат қўшинлари билан турли айирмачи жангари гуруҳлар ўртасида ҳарбий можаролар бошланган эди.   

2021 йилда Мали ҳарбийлари  вақтли Президент бўлиб турган Ба Ндауни ҳамда бош вазир Моктара Уанани ҳибсга олиб пойтахт Бамако яқинидаги ҳарбий базага келтиришди. Шундан кейин мамлакат Вице-президенти  Ассими Гоита президент ва бош вазирни ўтиш даври қоидаларига амал қилмаганликда айблаб, лавозимидан озод этгани ҳақида баёнот берди ва Гоита раҳбарлигидаги ҳарбий кенгаш мамлакат бошқарувини ўз қўлларига олди. Мали Конституцион суди Гоитани ўтиш даври Президенти этиб тайинлади.