Мальдив ороллари Президенти Муҳаммад Муиз сешанба куни парламент томонидан тақдим қилинган Исроил паспорти эгаларининг мамлакатга киришини тақиқловчи резолюцияни ратификация қилди.
Давлат раҳбари интернет саҳифасида ёзилишича, ушбу қарор ҳукуматнинг Фаластин халқига қарши давом этаётган ҳаракатга жавобан қатъий позициясини акс эттиради.
– Мальдив Республикаси Фаластин даъвоси билан бирдамликда собитлиги, ушбу халқ ҳуқуқини илгари суриш ва ҳимоя қилишга содиқлигини тасдиқлайди, – дейилган баёнотда. – Ороллар халқаро ҳуқуқни бузганлиги учун Исроилни жавобгарликка тортиш зарурлигини яна бир бор такрорлайди. Турли халқаро форумлар орқали Тель Авивнинг ҳаракатини сўзсиз қоралаш, БМТ тегишли ҳужжатлари ва халқаро ҳуқуқий стандартга мувофиқ, 1967 йилгача бўлган чегарага асосланган, пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил, суверен Фаластин давлати барпо этилиши принципиал қўллаб-қувватланишини тасдиқлашда давом этади.

Муиз идораси вакили AFP мухбирига тақиқ дарҳол кучга киришини билдирди. 1192 маржон оролдан иборат митти ислом республикаси – Мальдив бетакрор оқ қумли пляжлари ва бошқа турли гўзал дам олиш манзиллари билан машҳур.
Расмий маълумотга кўра, февраль ойида архипелагга борган 214 000 чет эллик сайёҳдан 59 нафари исроиллик экан. Ўтган йил эса бу рақам 11 000, яъни оролларга ташриф буюрган туристларнинг атиги 0,6 фоизини ташкил қилган.
М.Пирматова, ЎзА