Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Малайзиянинг “Clipper Associates” компанияси гуруҳ раҳбари Муҳаммад Ҳалим Шоҳ Ҳошимни қабул қилди.
Учрашувда Фарғона вилояти ва Малайзия ўртасида турли соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари хусусида сўз борди.
Шунингдек, Фарғона вилоятида шамол ва қуёш электростанциялари барпо этиш, вилоят ҳудудида электромобиллар ишлаб чиқариш, шаҳарсозлик соҳасида янги технологиялар асосида бинолар қуриш, вилоят ҳудудида электро автобуслар йўналишини йўлга қўйиш ва бу орқали Фарғона, Марғилон, Қувасой шаҳарлари ўртасида транспорт ҳизматини ташкиллаш масалалари бўйича ҳам муҳокамалар ўтказилди.
Муҳаммад Ҳалим Шоҳ Ҳошим Малайзия концепцияси асосидаги лойиҳаларни Фарғона вилоятида амалга оширишга тайёр эканлигини, Фарғона шаҳрининг Алишер Навоий кўчасида, “Тадбиркорлар уйи” ёнида қурилиши режалаштирилган 18 қаватли замонавий бизнес ва савдо маркази ҳамда меҳмонхона лойиҳаси бўйича ҳам алоҳида режа ишлаб чиқилганини маълум қилди.
Вилоят ҳокими ҳамкорликда ишлаш ва малайзияликларнинг бизнесини ривожлантириш учун барча шароитлар яратилишини алоҳида қайд этди.
Учрашувда муҳокама қилинган ҳамда ҳамкорлик қилиш бўйича келишиб олинган барча масалалар юзасидан вилоят ҳокимлиги ҳамда Малайзиянинг “Clipper Associates” компанияси ўртасида “Йўл харитаси”ни тайёрлаш ҳамда унинг асосида алоқаларни кенгайтириб боришга келишиб олинди.
“Clipper Associates” компанияси уй-жой қурилиши, бизнес бошқаруви, саноат заводлари шу жумладан, электр станциялари учун интеграциялашган муҳандислик хизматларини таклиф этадиган компания ҳисобланади. Ҳозирги пайтда компания Малайзиянинг Ланкави оролида электроавтобуслар лойиҳаси, Куала Лумпур шаҳрида барпо этилаётган “Kampung Baharu” янги смарт қишлоқ лойиҳаси, Малайзиянинг Celecom телефон компанияси учун 5G интернет тезлигига мўлжалланган маълумотлар базаси лойиҳаларини амалга ошириб келмоқда.
М. Сулаймонов, ЎзА