Термиз давлат университетида Малайзиянинг Перлис, Утара, Теренгану университетларининг бир гуруҳ профессор–ўқитувчилари билан учрашув бўлиб ўтди.
Президентимиз ташаббуси билан олий таълим тизимида юқори малакали кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилиб, сифатли ўқув-услубий ва илмий адабиётлар яратиш, фан ва ишлаб чиқариш ўртасида пухта ўзаро фойдали интеграцияни ташкил этиш юзасидан кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Нуфузли хориж олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқалари ривожлантирилмоқда. Олий таълимда мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишда иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларининг иштироки янада кенгайтириляпти.

Жумладан, бундан олти йил муқаддам Сурхондарёда ягона бўлган Термиз давлат университетида 7 мингга яқин талаба таълим олган бўлса, айни пайтда воҳадаги олтита давлат ва битта нодавлат олий таълим муассасасида малакали кадрлар тайёрламоқда. Воҳадаги олий таълим даргоҳларида 50 мингдан ортиқ йигит-қиз ўзлари танлаган соҳа сирларини қунт билан ўрганаётир. Уларнинг 28 мингга яқини Термиз давлат университетида таҳсил олмоқда.

Термиз давлат университетида 11 та факультет, 48 та кафедра мавжуд. Уларда 780 дан ортиқ профессор-ўқитувчи талабаларга илм-фан сирларини қунт билан ўргатаётир. Университет қошида фаолият юритаётган олтита илмий кенгашда ҳудуддаги барча олий таълим муассасалари илмий тадқиқотчилари илмий ишларини ҳимоя қилмоқда. Шунингдек, таълим даргоҳида талабаларнинг ўқиши, ўз салоҳиятини кенг намойиш этиши ва илмий тадқиқотчиларнинг изланиш олиб бориши учун барча замонавий шароитлар яратилмоқда.

Учрашувда меҳмонлар Малайзия олий таълим тизими ва олий таълим муассасалари фаолиятига оид тақдимотларни ўтказди. Илм-фан ва кадрлар тайёрлаш соҳасида эришилаётган ютуқлар акс этган видеолавҳаларни намойиш этди.
Жорий йил май ойининг сўнгги ўн кунлигида Термиз давлат университети ректори Авазжон Мараҳимов бошчилигидаги делегация Малайзияда хизмат сафарида бўлиб, олий таълим тизими билан яқиндан танишди. Ўзаро тажриба алмашиб, Перлис, Утара, Теренгану университетлари талабалари, магистрантлари ва университетлар ходимларига ўз илмий соҳалари бўйича дарс ўтди.

Олий таълим муассасалари раҳбарлари билан учрашувларда илмий ва академик ҳамкорлик бўйича музокаралар олиб борди. Музокаралар чоғида математика ва ахборот технологиялари фанлари бўйича қўшма дипломли йўналиш очиш, математика, биология ва кимё фанлари бўйича мос келадиган қўшма грантларни амалга ошириш, ходимларнинг фикр алмашувини, магистрантлар ва докторантларнинг илмий ишларига қўшма раҳбарлик фаолиятини жорий этиш, ҳамкорликда илмий мақолалар чоп этиш, талабаларнинг кредит алмашувини йўлга қўйиш каби масалалар юзасидан меморандум имзоланди. Малайзиядаги Теренгану университетининг инглиз тили марказини Термиз давлат университетида ҳам очиб, инглиз тили ўқитувчиларини Сурхондарёга таклиф этиш орқали илмий ходимлар ва аспирантларнинг инглиз тилини ўзлаштиришини юксак савияга олиб чиқиш юзасидан келишувларга эришилди.
–Термиз давлат университетига келган илк кунимизданоқ бизни илиқ кутиб олишганидан қувондик,– дейди Перлис университети профессори, делегация раҳбари Анвар Мат Сафар. – Бугунги учрашувда ўзаро танишиб, келгуси ҳамкорликларни ҳам муҳокама этдик. Ҳамкорликда илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, профессор–ўқитувчилар ва талабалар алмашувини йўлга қўйиш, “Икки ҳудуд–икки дастур” доирасида икки йил Термиз давлат университетида, икки йил Малайзияда ўқишни давом эттириш орқали дуал дастурларга эришиш масалаларини ҳам кўриб чиқдик. Термизда илк марта бўлишим. ТерДУда яратилган шароитлар илиқ таассурот уйғотди. Таълим тизимимизда ҳам ўхшашликлар мавжудлиги кўзга ташланди.
–Ўзбекистоннинг Малайзия давлати билан илм-фан соҳасида алоқалари кенгайиб бормоқда,–дейди физика-математика фанлари доктори Зайниддин Эшқувватов.– Асли Самарқандданман. Малайзияда ишлаётганимга қарийб 20 йил бўлди. Ҳозир Теренгану университетида талабаларга сабоқ бераман. Бизнинг Сурхондарёга келишимиз Термиз давлат университети делегациясининг шу йил май ойидаги Малайзияга сафари натижасидир. Шунга мувофиқ биз университет билан яқиндан танишиб, талабаларга дарс ўтамиз. Профессор-ўқитувчилар билан ўзаро тажриба алмашиб, ҳамкорликда илмий ишларни амалга оширамиз. Биргаликда илмий мақолалар тайёрлаймиз. Ўйлайманки, бу ишимиз келажакда ўз самарасини беради.
Учрашувда томонлар ўзаро эсдалик совғалари алмашди.
Малайзиялик профессор–ўқитувчилар 24 сентябргача Термиз давлат университетида бўлади. Ҳамкорлик доирасидаги ишларни амалга ошириб, илмий йўналишлари бўйича талаба-ёшларга сабоқ беради. Ўтмишда ҳам илм-фан ўчоғи бўлган Сурхон воҳасининг диққатга сазовор жойлари билан яқиндан танишади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири