Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Малайзияда Ўзбекистон маданияти тарғиб қилинади
11:07 / 2023-02-27

1 март куни Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳридаги “Малайзия Ислом санъати” музейида очиладиган “Ўзбекистон – Ислом цивилизацияси маркази” фото кўргазмасида сўнгги икки минг йил давомида ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида ривожланган Ислом тарихи, маданияти ва турли тамаддунларга хос осори атиқалар, қадимий ва бой маданий мерос дурдоналари сурати, тегишли маълумотлар намойиш этилади. Манбалар Ислом динининг Марказий Осиёда тарқала бошлагандан бугунги кунга қадар фан, таълим, архитектура соҳаларига қўшган ҳиссасини ҳам ифодалайди. Кўргазмадаги аксарият асарлар Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент, Насаф, Термиз каби қадимий шаҳарларимизнинг Ислом дини билан муштараклигини визуал тарзда акс эттиради.

Майдонга ташриф буюрганлар Буюк Ипак йўлидаги маданий алоқа, минг йиллик Мовароуннаҳр диёри, ўзбек халқининг қадимий тарихи ва маданияти, санъати, меъморчилиги, урф-одати, турмуш тарзи билан яқиндан танишиш имконига эга бўлишади.

Тадбирдан кўзланган мақсад Малайзия фуқароларини мамлакатимизнинг маданий ва туризм салоҳияти ҳамда жозибадор маданий меросига ошно этиш, ушбу давлатдан юртимизга ташриф буюрувчи сайёҳлар сонини оширишдир.

Маданият ва туризм вазирлиги, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази ҳамда мамлакатимизнинг Куала-Лумпур шаҳридаги элчихонаси томонидан Малайзия Ислом санъати музейи билан ҳамкорликда ташкил этиладиган кўргазма 27 апрелга қадар давом этади.

1998 йилда ташкил этилган, Жануби-шарқий Осиёдаги Ислом санъати ва тарихига бағишланган энг йирик музей ҳисобланган ушбу мажмуанинг майдони 30 минг квадрат/метрни ташкил этади. 2022 йил мобайнида бу масканга 120 мингга яқин зиёратчи келган.

 

ЎзА