Туризм соҳасини ривожлантириш бугунги кунда мамлакат иқтисодиётини юксалтириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда миллий маданий меросни жаҳонга тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Қадимий тарих, бой анъаналар ва ноёб табиий манзараларга эга юртимизда туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш орқали ички ва ташқи сайёҳлар оқимини ошириш мумкин.
Шу боис, соҳага инвестиция жалб этиш, инфратузилмани такомиллаштириш ҳамда хизматлар сифатини ошириш устувор вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
Жорий йил 9 январда қабул қилинган “Умра плюс” зиёрат туризми дастурини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ҳукумат қарорида бир қанча вазифалар белгиланди.
Хусусан, 2026-2027 йилларда Малайзия ва Индонезиядан "зиёрат туризми" йўналишида сайёҳлар оқими 100 минг нафарга етказилади. 2026 йил якунигача Туризм қўмитаси томонидан Малайзия ва Индонезиядан “Умра плюс” зиёрат туризми дастури асосида сайёҳларни жалб қилаётган туроператорларга Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳар бир сайёҳ учун 100 АҚШ доллари миқдорида субсидия ажратилади.
Шунингдек, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва Малайзия олий таълим муассасалари ўртасида “Туризм ва меҳмондўстлик” таълим йўналиши ва мутахассисликлари бўйича қўшма таълим дастурлари йўлга қўйилади.
Бундан ташқари, малайзиялик ва индонезиялик саёҳатчиларнинг Рамазон ҳайити ва Қурбон ҳайити байрамларини Ўзбекистонда ўтказиши юзасидан чоралар кўрилади. Малайзия ва Индонезияда “Имом Бухорий изидан” ва “Рамазонни Ўзбекистонда ўтказ” тематик туризм тарғиботи кампаниялари ташкил этилади. Малайзиянинг мусулмон аҳолиси кўп бўлган ҳудудларида зиёрат туризми бўйича алоҳида роадшоулар ташкил этилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА