Президентимизнинг Малайзияга расмий ташрифи доирасида ўтказилган ректорлар форуми натижасида икки мамлакат олий таълим муассасалари ўртасида қатор муҳим келишувлар имзоланган эди. Шунингдек, ушбу форумда Бухоро давлат техника университети ва Малайзиянинг бир қатор олий таълим муассасалари ўртасида “Яшил тадқиқотлар” илмий маркази билан ҳамкорлик ўрнатилди.
– Мамлакатмизда техник таълимни янги босқичга олиб чиқиш, мутахассислар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича муҳим қадамлар қўйилди, – дейди Бухоро давлат техника университети ректори Садоқат Сиддиқова. – Мазкур ташаббусларда белгиланган устувор вазифалардан бири университетни “яшил университет”га айлантиришдан иборат. Ушбу ташаббусни амалга ошириш мақсадида университетимиз томонидан Малайзиядан малакали мутахассислар жалб этилиб, бир қатор илмий-амалий лойиҳалар ва ташаббуслар йўлга қўйилди. Жумладан, экологияни асраш йўлида техник ва илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда. Қуёш шамол ва биомассага оид қайта тикланадиган энергия манбалари бўйича тажриба лойиҳалари, атроф-муҳит мониторинги ҳамда экологик хавфсизликка оид ишланмалар ривожлантирилмоқда. “Яшил технологиялар”, энергия тежовчи қурилмалар, рақамли ечимлар орқали ресурслар самарадорлиги ошириш атроф-муҳитга зарар етказмайдиган технологияларни амалиётга татбиқ этиш ишлар амалга оширилмоқда.
[gallery-24325]
Шу билан бирга, Бухоро давлат техника университети ва Малайзия Малака техник университети, Тун Ҳуссеин Онн Университети, Перлис университети, Малайзия УПСИ университети раҳбарлари ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Учрашувларда олима аёлларнинг академик мобиллик дастурини йўлга қўйиш, илмий тадқиқот маркази, спин-офф лойиҳалар, қўшма таълим дастурлари ҳамда амалиётга йўналтирилган ўқитиш методикасини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
“Машинасозлик технологияси” йўналишида “1+1” магистратура формати асосида қўшма таълим дастурини йўлга қўйиш ва талабалар учун грантлар ажратиш бўйича Меморандум имзоланди. Бундан ташқари, муқобил энергия ва туризм соҳаларида ҳам ҳамкорлик қилиш бўйича келишувларга эришилди. Ушбу ҳамкорликлар Бухоро давлат техника университетининг халқаро миқёсда обрўси ва илмий салоҳиятини оширишга хизмат қилади ҳамда ёш мутахассисларнинг сифатли таълим олишига кенг имкониятлар яратади.
– Олий таълим вазирлиги томонидан Малайзияда бўлиб ўтган олий таълим муассасалари ректорлари учрашуви ҳамда Малайзиядаги Форумнинг давомида икки давлат ўртасида бир қатор келишувларга эришилган эди, –дейди Малайзия Султон Идрис университети профессори Залина Зулкифли. Ҳозир мен Бухоро давлат техника университетида бўлиб турибман. Малайзиянинг Султон Идрис Университети ҳамда Бухоро давлат техника университети биргаликда яшил қўмитани ташкил қилиш юзасидан режалар ишлаб чиқмоқдамиз. Бу нафақат Ўзбекистонда балки Марказий Осиёда ҳам ташкил қилинади. Мен бугун Бухорода бу борада етарли даражада инфратузилма шаклланганига гувоҳ бўлдим. Бу жойда биз фақат ўз тавсияларимиз билан ўртоқлашяпмиз. Ҳозирда илмий тадқиқот ишларининг аксарияти айнан яшил технологияларга қаратилгани эътиборимни тортди. Қуёш энергиясидан кенг фойдаланган ҳолда яшил ташаббусли менежмент тизимини йўлга қўйиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилган.
Президентимизнинг тегишли қарорига мувофиқ, Бухоро давлат техника университети барқарор ривожланиш талабларига жавоб берадиган “яшил университет”га айланиши бўйича аниқ вазифалар белгиланган. Ушбу йўналишда университетда “Яшил тадқиқотлар” илмий-тадқиқот маркази ташкил этилиб, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва энергия самарадорлиги борасида изчил ишлар олиб борилмоқда.
– Ўйлайманки, бугун жуда катта жараённи бошлаш арафасидамиз, –дейди Малайзия Султон Идрис университети бош менежери Моҳд Насри Саҳарее. – Бизни Бухоро давлат техника университетида яшил олийгоҳ лойиҳасини амалга ошириш учун бу қадар яхши имкониятлар борлигини кўриб хурсанд бўлдик. Биз ҳар бир бўлим фаолияти билан 4 кун давомида батафсил танишдик. Ҳозирги тадқиқотларнинг катта қисми айнан яшил энергетика, яшил технологияларни амалиётга татбиқ қилишга қаратилган. Эндигина университет мақомини олган олий таълим муассасасида жадал суратлар билан ўсишни кузатдик. Биз илгари бу борада Япония тажрибасини кўп жиҳатдан намуна қилиб кўрсатиб келганмиз. Аммо, бугун Ўзбекистонда олий таълим соҳаси Яшил фикрлаш, Яшил ғоялар асосида ишларни ташкил қилишда намуна бўладиган ишларни амалга оширяпти.
Чинданда, бугунги кунда барқарор ривожланиш ва экологик хавфсизлик масалалари ҳар бир давлат, жумладан, Ўзбекистон учун ҳам энг долзарб йўналишлардан бирига айланган. Шундай шароитда олий таълим муассасаларининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, энергия тежаш ва яшил технологияларни қўллаш борасидаги фаолияти катта аҳамият касб этади.
Бухоро давлат техника университети ўзининг илмий салоҳияти, инновацион ёндашуви ва халқаро ҳамкорликлари билан мамлакатда “Яшил университет” сифатида эътироф этилмоқда. Бу йўналишда олиб борилаётган ишлар нафақат университет салоҳиятини оширишга, балки бутун Ўзбекистон учун барқарор ва экологик хавфсиз келажакни яратишга хизмат қилади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.