Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов Малайзия Сенати раиси ўринбосари Нур Жазлан Моҳаммад билан учрашди.
Унда Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги муносабатларни, шу жумладан, парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Мулоқотда Ўзбекистон ва Малайзияни тарихий ришталар, маданий ва маънавий қадриятларнинг яқинлиги боғлаб туриши, сўнгги йилларда давлат раҳбарларининг қатъий сиёсий иродалари, олий даражадаги учрашувлари туфайли ўзаро алоқалар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилаётгани қайд этилди.

Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил февраль ойида ушбу мамлакатга, Малайзия Бош вазирининг ўтган йил май ойида Ўзбекистонга тарихий ташрифи икки давлат ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни ривожлантиришга катта суръат бағишлаб, икки томонлама алоқаларни янги босқичга олиб чиқди.
Суҳбат чоғида меҳмонларга мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, Қонунчилик палатасининг таркибий тузилиши, унинг қонун ижодкорлиги ва парламент назорати йўналишидаги фаолияти ҳақида батафсил маълумотлар бериб ўтилди.

Ўз навбатида, Нур Жазлан Моҳаммад илиқ ва дўстона муносабат учун миннатдорлик билдириб, сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида Ўзбекистонда барча соҳаларда амалга оширилаётган тарихий ислоҳотларни алоҳида эътироф этди. Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги ҳамкорлик тобора мустаҳкамланаётганини қайд этди:
— Президент Шавкат Мирзиёевнинг Малайзияга амалга оширган ташрифи ҳамкорлик тарихида муҳим воқеа бўлди. Биз давлат раҳбари бошчилигида Ўзбекистонда кечаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаймиз ва парламентлараро муносабатларни ривожлантириш тарафдоримиз, — деди Малайзия Сенати раиси ўринбосари.
Учрашувда парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлашда ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш ва фаоллаштириш муҳимлиги, бунда парламент дипломатияси салоҳиятидан самарали фойдаланиш, қонун ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш лозимлиги таъкидланди.
М.Комилова,
ЎзА