Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Малайзия Ўзбекистон орқали Марказий Осиёда фаолиятини кенгайтиради
22:25 / 2025-06-30

“Bernama” ахборот агентлиги “Малайзия Ўзбекистон орқали Марказий Осиё бўйлаб кенгайиш учун улкан салоҳиятга эга” сарлавҳали мақола эълон қилди. Мақолада юртимиз ушбу мамлакат минтақамизга кенг кўламда кириб келиши учун энг қулай дарвоза бўлиб хизмат қилиши мумкинлигига урғу берилган.

Малайзия Бош вазири ўринбосари, энергетика ва сув трансформацияси вазири Фадиллоҳ бин Юсуф айтишича, республикамизга ташрифи давомида у ўзбекистонлик юқори мартабали раҳбарлар, хусусий сектор вакиллари билан бир неча учрашув ўтказган. Мазкур мулоқотлар чоғида икки давлат иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш жараёнида ўзаро савдо ва сармоя ҳажмини ошириш, хусусан энергетика, пальма ёғи, сукук ва ярим ўтказгичлар бўйича шерикликка келишиб олган. Шу боис Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳимнинг ўтган йилги ташрифидан сўнг амалга оширилаётган ишчи ташрифлар мақсадга эришиш учун Ўзбекистонда бизнес ва сармоявий тармоқларни кенгайтириши кутиляпти.

– Айниқса қайта тикланадиган энергетика соҳасида ҳамкорликни янада мустаҳкамламоқчимиз, – дейди Фадиллоҳ бин Юсуф. – Масалан, энергия тизимини нафақат ўрнатиш, балки узатиш, тармоқни такомиллаштириш орқали ақлли тармоқ йўналишида иштирок этишга таклиф қилиндик. Шунингдек, углерод савдосида ҳам бирга ишлаймиз. Бу ишлар глобал барқарорликка нисбатан умумий содиқлигимизга мос келади. Биз Ўзбекистон ва Малайзия сув хавфсизлиги, аниқроғи ичимлик ва тоза сув етказиб бериш тажрибаси йўналишида бирга фаолият олиб боришдан ҳам манфаатдормиз.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА