Малайзия олий таълим тизими дунёда етакчи ўринларда туради. Айни пайтда бу мамлакатда 300 дан зиёд Ўзбекистон ёшлари таҳсил олмоқда. Икки давлат ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамланиб бораётгани натижасида, Ўзбекистон ёшлари Малайзияда таълим олишлари учун янада истиқболли имкониятлар яратилмоқда.
Бу ҳақда Малайзиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳенди Ассан Тошкентда бўлиб ўтган таълим соҳасидаги ҳамкорликка бағишланган давра суҳбатида маълум қилди.
“Малайзия ўзбекистонлик талабалар учун энг талабгир мамлакатлар сирасига киради. Буни Малайзия таълим муассасаларида кўп сонли ўзбек талабалар таҳсил олаётгани ҳам тасдиқлайди. Ўз навбатида, Ўзбекистон ҳам малайзияликлар учун қизиқарли йўналиш саналади. Малайзияда халқаро рейтингларда турувчи кўплаб олий таълим муассасалари бор. Уларда кўп сонли ўзбекистонлик иқтидорли ёшлар таҳсил олишлари учун имкониятлар яратамиз”, деди элчи Ҳенди Ассан.

Дипломат икки мамлакат ўртасида талабалар ва ўқитувчилар алмашуви, ҳамкорликда илмий анжуманлар ўтказиш, академик тадқиқотлар ташкил этиш муҳимлигини алоҳида таъкидлади.
Қайд этилганидек, кейинги йилларда икки мамлакат ўртасида таълим соҳасида ҳамкорлик кучаймоқда. 2019 йил октябрь ойида Тошкент молия институти базасида Малайзия менежмент ва тадбиркорлик "Binary" университети билан Ўзбекистон – Малайзия қўшма факультети очилган. 2020 йил июнь ойида Ўзбекистон олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Хоразм вилояти ҳокимлиги ва "Binary" менежмент ва тадбиркорлик университети ўртасида Урганчда университетнинг халқаро филиалини ташкил этиш тўғрисида уч томонлама шартнома имзоланган.

Маълумотларга кўра, ҳозирда Малайзияда 100 мингдан зиёд хорижлик талаба таҳсил олмоқда. Мамлакат ЮНЕСКО томонидан чет эллик талабалар сони бўйича дунё ўнталигига киритилган. Биргина 2021 йилда Малайзия ОТМларига 150 га яқин давлатдан 40 мингдан зиёд талаба қабул қилинган. 2022 йилда бу кўрсаткич янада ошиши кутилмоқда.
Малайзия олий таълим тизими замонавий фанлар, жумладан, ахборот технологиялари, менежмент, ислом молияси, дизайн каби йўналишларда юқори рейтингларга эга. Масалан, Малайзия давлат университети QS рейтингида 59-ўринда қайд этилган.
Малайзия элчисининг қайд этишича, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” томонидан Тошкент – Куала-Лумпур – Тошкент чартер рейсини қайта тикланиши, бу нафақат таълим, балки икки давлат ўртасида зиёрат туризмини ривожланишида муҳим аҳамият касб этади.
З.Мирзабоева, ЎзА