Малайзиядаги Ислом санъати музейида учта от анжоми – хуржун (эгар халтаси), юган ва жабдуқ сингари чавандозлик ашёлари сақланади. Уларнинг айримлари Самарқанд ва Бухородан келтирилгани аниқланган. Умуман олганда, улар қисман ўзбек халқининг XIX асрдаги чавандозлик маданиятини акс эттиради.
Хуржун бу тукли газлама тўқиш техникаси ёрдамида тўқилган буюм ҳисобланади. У ўзаро уланган иккита тўрва-халтадан иборат. Тўрвалар оғзига, уларни ёпиш имконига эга бўлиш учун тасма тикилган. Хуржуннинг юза қисмлари ҳандасавий нақш (илгакли ромблар) билан безатилган. Асоси – пахта, пахмоқ – жун бўлиб, қизил, тўқ сариқ, тўқ кўк, оқ, яшил ва жигаррангга бўялган. Астари селлюлоза толали йўл-йўл матодан ёки канопдан иборат. Маълумки, бундай турдаги жунли маҳсулотларни маҳаллий гиламдўзлар тўқиган.

Юган ҳам “Лақай ва қўнғиротларга оид ярим кўчманчи қабилаларнинг каштачилик санъати” бўлимида тасвирланган нақшли буюмларни эслатувчи, аммо қўй ва эчки жунидан тўқилган энсиз панеллардан йиғилган. От лўнжидаги ва қаншари бўйлаб тўқилган қўшимча матолар кўплаб илгаклар билан нақш кўринишида безатилган. Қаншар ва чакка қисми тўқ қизил рангдаги бахмалдан қилинган. Бу қисмлар каури чиғаноқлари, феруза мунчоқлар ва осма шокилалар билан безатилган.
Жабдуқ эса одатда эгар остидан жой олувчи безакли маҳсулот. У дастгоҳда тўқилган бахмал мато ва ишлов берилган чармдан тайёрланган. Қуйи қисмига турли рангдаги иплар билан кўплаб гуллар ва бир жуфт қуш тасвири кашта қилиб тикилган. Бу нақшлар сўзана кашталарини эслатади. Жабдуқнинг пастки чети ипак шокила билан безатилган.

–Отлар азалдан қабила жамоалари ҳаётида муҳим ўрин тутган, –деди Республика “Ҳунарманд” уюшмаси масъул ходими Нилуфар Ҳамидова. – Улар тезлиги ва чидамлилиги учун қадрланган, уруш пайтларида эса суворийлар ҳаракатчанлигини оширишда афзал кўрилган. Шунингдек, отлар ҳаракатланиш воситаси сифатида тенгсиз бўлган, улардан спорт ўйинларида, ҳатто маросим ва маъракаларнинг муҳим таркибий қисми сифатида фойдаланилган. Отлар ўз аҳамиятига кўра эгаларининг кўз олдида ҳашаматли бўлмаса ҳам, мақомига муносиб анжомларни олишган. Бугун эса бу анжомлар хорижликларни ҳам қизиқтирмоқда.
Гулноза Бобоева, ЎзА