Мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, рақамли инфратузилмани тўлиқ модернизация қилиш ва замонавий телекоммуникация хизматларидан барча ҳудудларда фойдаланиш имкониятини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаяпти. 2023 йилга келиб рақамли иқтисодиётнинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улушини 2 бараварга кўпайтиришни назарда тутадиган қатор вазифалар белгилаб олинган. Бу борадаги мақсад-вазифаларни амалга оширишда хорижий давлатлар ҳамда йирик компаниялар билан ҳамкорлик муҳим ҳисобланади.
Ўзбекистоннинг Куала-Лумпурдаги элчихонаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги (ЭРА) ва «Fusionex» (Малайзия) компанияси вакиллари ўртасида онлайн-музокаралар ташкил этилди.
«Fusionex» компанияси Малайзиянинг рақамли савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги етакчи дастурий таъминот ишлаб чиқарувчи компанияларидан бири ҳисобланади. Компания Малайзияда рақамли инфратузилмани ривожлантириш бўйича қатор йирик лойиҳалар, жумладан, Ташқи савдони ривожлантириш корпорацияси билан биргаликда мамлакатнинг Рақамли эркин савдо ҳудудини ишлаб чиқишда иштирок этган. Компания «IBM», «Microsoft», «IBM», «Dell», «HP», «Cisco», «Nintex» ва «Telecom Malaysia» каби дунёдаги йирик компаниялар билан ҳамкорлик қилиш тажрибасига эга.
Тадбир доирасида «Fusionex» компанияси фаолияти тўғрисида тақдимот ўтказилди, дейилади «Дунё» ахборот агентлиги хабарида. Бу соҳада Малайзиянинг энг илғор тажрибаси асосида ушбу компаниянинг ҳамкорлари бўлган Amazon, Alibaba, eBay, Lazada ва Shopee каби нуфузли электрон савдо майдончалари билан фаол алоқалар ўрнатиш орқали Ўзбекистонда рақамли эркин савдо зонаси яратишга, жумладан, рақамли иқтисодиётни жадал ривожлантиришга кўмаклашувчи лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдирилди.
Ўзбекистонда рақамли инфратузилманинг ривожланиши маҳаллий маҳсулотларни ташқи бозорларга экспорт қилиш ҳажмининг сезиларли даражада ошишига, шунингдек, республикадан халқаро юкларни ташиш учун логистика маркази сифатида фойдаланишга хизмат қилиши таъкидланди.
Музокаралар якунида Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Экспортни рағбатлантириш агентлиги ва «Fusionex» компанияси ўртасида юқорида қайд этилган инвестиция лойиҳасини амалга ошириш имкониятини кўриб чиқиш учун уч томонлама Англашув меморандумини имзолаш бўйича келишувга эришилди.
М.Комилова, ЎзА