Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Малакали мутахассислар тайёрлаш йўлидаги ташаббус
18:20 / 2020-07-07

Мазкур ОТМларининг ўзига хос хусусиятларини эътиборга олган ҳолда алоҳида йўл хариталари шакллантирилди, зарурий чора-тадбирлар ижроси йўлга қўйилди.


Малакали мутахассислар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, йирик ишлаб чиқариш соҳаларини салоҳиятли кадрлар билан таъминлаш мақсадида «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамияти юртимизнинг нуфузли олийгоҳлари билан ҳамкорлик алоқаларини янада кучайтирди. Тошкент давлат техника университети, Тошкент архитектура-қурилиш институти ҳамда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти шулар жумласидандир.

Мазкур ОТМларининг ўзига хос хусусиятларини эътиборга олган ҳолда алоҳида йўл хариталари шакллантирилди, зарурий чора-тадбирлар ижроси йўлга қўйилди. Жумладан, «Ўзбекгидроэнерго» АЖ бошқаруви раиси ташаббуси ва бевосита саъй-ҳаракати билан жамиятнинг малакали кадрларга бўлган эҳтиёжи юзасидан таклифлари инобатга олиниб, жорий ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат техника университетида Гидроэнергетика таълим йўналиши ташкил этилиб, мазкур йўналишда жами 50 нафар талаба қабул қилиш режалаштирилди.

Тошкент архитектура-қурилиш институти Гидротехника иншоотлари қурилиши (турлари бўйича) таълим йўналишининг қабул квотаси 100 нафарга етказилди. Шундан, кундузги бўлимга 75 та, сиртқи бўлимга 25 та ўрин ажратилди. Жамиятнинг илмий-педагогик салоҳиятга эга малакали мутахассислари ҳамда олий таълим профессор-ўқитувчилари иштирокида ушбу йўналишларнинг бакалавриат ва магистратура босқичлари бўйича малака талаблари, ўқув режа ва фан дастурлари ишлаб чиқилди.

Шунингдек, янги қурилаётган гидроэлектрсанцияларда жумладан, “Зарчоб кичик ГЭС”, “Пском ГЭС” талаба, ўқитувчилардан тузиладиган қурилиш отрядлари учун зарурий шароитлар яратилмоқда. Ҳамкор университетларнинг тегишли факультетларида «Ўзбекгидроэнерго» АЖ бурчагини (соҳага оид 3D плакат, макет, инфокиоск, доимий видеороликлар тақдимоти) ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда. Соҳавий кафедралар ҳамда ўқув-илмий лабораторияларини замонавий ўқув ва илмий жиҳозлар, ускуналар ва ўлчов асбоблари билан таъминлаш, «Ўзбекгидроэнерго» АЖ тасарруфидаги корхоналарда тегишли кафедралар филиалларини ташкил этиш борасида ҳам муҳим ишлар олиб борилмоқда.

Шу билан бир қаторда, ҳамкор ОТМ талабалари ишлаб чиқариш амалиётини жамиятимиз ҳузуридаги корхона ва ташкилотларда ўташи ҳамда зарурий меҳнат тажрибасига эга бўлиши учун ҳам чоралар кўрилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг июль-август ойларида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш институтининг соҳага хос ихтисосликлар бўйича мутахассислар тайёрлайдиган кафедралари талабалари “Самарқанд ГЭСлар каскади”, “Тошкент ГЭСлар каскади”, “Оҳангарон ГЭС” ва “Туябўғиз КГЭС” унитар корхоналарида ишлаб чиқариш амалиётини ўтказиши белгиланган. Бўлғуси мутахассисларни иш жараёни билан яқиндан таништириш, ўз навбатида, уларда танлаган касблари бўйича аниқ тасаввур уйғотиш, мавжуд тушунча, билим, кўникма ва малакаларини такомиллаштириш имконини кенгайтиради.

Бугунги кунда «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамияти раиси ташаббуси билан олий таълим муассасаларининг соҳага алоқадор ихтисосликлар бўйича битирувчиларини жамият қошидаги ишлаб чиқариш корхоналарига жалб қилиш борасида ҳам манзилли ва тизимли ишлар йўлга қўйилди. Бунда тегишли олий таълим муассасасини аъло баҳоларда якунлаган, салоҳиятли ёшларни суҳбат ва тест асосида саралаб, жамият ҳузуридаги “Ўқувэнергоқурилиш” нодавлат таълим муассасасида ўқув, ишлаб чиқариш корхоналарида эса амалий машғулотларга жалб қилиб, билим ва меҳнат тажрибаларини ошириш чоралари кўрилмоқда.

Шу ўринда ушбу амалий ташаббуслар ҳамкор ОТМ томонидан ниҳоятда хурсандчилик билан қабул қилинаётганини ҳам алоҳида эътироф этмоқ жоиз.

– Ўтган 40 йиллар давомида университетимиз бирор бир ишлаб чиқариш тизими билан бу қадар самарадор ҳамкорликни йўлга қўймаган эди. «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси раҳбарлигидаги етук малакали кадрлар тайёрлаш йўналишида мутлақо янги шакл ва мазмундаги ҳамкорлик алоқалари амалий натижадорлиги билан аҳамиятлидир. Айниқса, жамият томонидан таклиф этилган ёш битирувчиларни қайта тайёрлаш ва иш билан таъминлаш тизими биз учун муҳим янгилик, муносиб эътибор бўлди. Битирувчиларимиз эндиликда улар таҳсилни янада катта қизиқиш ва ишонч билан давом эттириб, ўз устида тинимсиз ишлашмоқда, келгуси меҳнат фаолиятларини аниқ ва манзилли режалаштиришмоқда, – деди Тошкент давлат техника университети Энергетика факультети декани, техника фанлари доктори Жавоҳир Тошев.

Дарҳақиқат, бугун жадал суръатлар билан тараққий этиб бораётган фан-техника етук билим ва тафаккур соҳибларини тарбиялаш заруратини кун тартибига қўяди. Жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш, инновацион юксалиш учун ҳам замонавий билимларни эгаллаган, илмли ва масъулиятли кадрларга бўлган талаб ва эҳтиёж ҳамиша юқорилаб боради. «Ўзбекгидроэнерго» АЖ томонидан юксак малакали мутахассислар тайёрлаш, ишлаб чиқариш соҳаларини кенгайтириш ва ривожлантириш борасида олиб борилаётган бу каби амалий ҳаракатлари юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлигига сезиларли ҳисса қўшади.

Сурайё ПЎЛАТОВА,
«Ўзбекгидроэнерго» АЖ Бошқаруви раисининг 
маънавий-маърифий ишлар ва давлат тилини 
ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси