Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг молиявий саводхонликни ошириш департаменти ўқув режасига мувофиқ, “Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан “Ипак йўли” АТБ билан ҳамкорликда тижорат банклари ходимларининг малакасини ошириш, касбий билимларини ривожлантириш ҳамда ўзаро тажриба алмашиш мақсадида Банк Молия академиясида тадбир ташкил этилди.
"Ўзмиллийбанк" АЖ тақдимотининг асосий мавзуси масофадан ўқитиш тизимини яратиш ва амалдаги САП дастурий таъминотга интеграция қилиш учун “Инспринг” платформасидан фойдаланиш тажрибаси ва банкда фаол жорий этилаётган ЛМС модули бўйича мутахассисларни ўқитишни ҳар томонлама қамраб олишдан иборат бўлди.

Шунингдек, “Ипак йўли” АТБ масъул мутасаддилари “Испринг” платформасидан фойдаланиб ходимларни масофадан ўқитишнинг тўлиқ тизими бўйича ўз тажрибаларини тақдим этди.

– Таъкидлаш керакки тақдимот пухта тайёргарлик асосида ўтказилди ва бу жараёнда сўнгги янгиликлар ҳамда амалий тажрибалар муҳокама қилинди, – дейди “Ўзмиллийбанк” АЖ ходимларни ўқитиш ва ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Светлана Миндрина. – Асосийси, мазкур дастурнинг автоматлаштирилганлиги бўлиб, шубҳасиз, бу ходимларга қулайлик яратади. Улар иш жойида, уйида ёки истаган манзилда ўзи учун керак бўлган билим ва маълумотларга эга бўла олади. Ходимларнинг касбий маҳорати ошиши эвазига эса банк имиджи мустаҳкамланиб, мижозлар сафи кенгаяди.

Эслатиб ўтамиз, “Испринг” платформаси орқали ташкилот ходимларнинг билим ва тажрибасини таҳлил қилиб, кадрларнинг ишлаш кўрсаткичлари ва ривожланиш жараёнини баҳолаш имконига эга.


“Ўзмиллийбанк” АЖ ва “Ипак йўли” АТБ биргаликда ўтказган ушбу тадбирда айнан юқоридаги жиҳатлар эътиборга олинди. Бу борада муҳим бўлган таклифлар ўрганилиб, ўзаро тажриба алмашилди. Тадбир жараёнида мазкур тизим асосида тузилган амалиётдан маҳорат дарслари ва бу сабоқлар бўйича қизиқарли савол- жавоблар ўтказилди.
“Ўзмиллийбанк” АЖ
Матбуот хизмати
ЎзА