Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Малакали шифокорлар олис ҳудудда
11:17 / 2021-01-02

Наманган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ташаббуси билан вилоят даволаш-профилактика муассасаларининг тор доирадаги мутахассисларидан иборат гуруҳ Поп туманининг олис Чотқол тоғ ён бағирларига туташ “Гулистон” оилавий шифокорлик пунктида тиббий кўрик ўтказди.

Бу галги тиббий кўрик аввалгилардан фарқли ўлароқ ҳар бир соҳа бўйича бир неча мутахассиснинг ҳозиру нозирлигида бўлди. Вилоят марказидан борган шифокорлар ўзлари билан бирга жаҳон андозалари даражасида жиҳозланган “Мобиль офтальмополиклиника”, “Реанимобиль”, “УЗД”, “ЭКГ” аппаратларини ҳам олиб боргани тадбирнинг юқори савияда ўтишига имкон берди.

Ўз саломатлигига эътиборли бўлган гулистонликлар бундай қулайликлардан унумли фойдаланди. Пойин, Олмазор, Танги, Шодлик, Тахтакўприк, Эшонбобо, Боло, Дуоб, Қандиҳон кўчаларида яшовчи кексаю ёш, оналару болалар тиббий кўрикка ошиқди.  

[gallery-668]

–Ошқозонимдан ўсимта олдирган эдим, - дейди фуқаро Неъматулла Акбаров. - Шифокорлар олти ойдан сўнг вилоят шифохонасида текширувдан ўтасиз, дейишганди. 

Буни қарангки, энг малакали онколог врач Акмал Тожибоев шу ернинг ўзида қабул қилди. Операция ўрни яхши битаётганлигини, ҳолатим ҳам қониқарли эканини айтганида кайфиятим кўтарилди. Кўрикни уюштирганларга минг раҳмат.

Чуқурлаштирилган тиббий кўрик, саломатликка оид тиббий маслаҳатлар аҳолини беҳад мамнун этди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси Аҳоли соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш бўлими томонидан тақдим этилган тўғри овқатланиш пирамидаси қишлоқ аёлларида катта қизиқиш уйғотди.  

Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат), ЎзА