Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Малакали ўқитувчи таълим сифатининг гаровидир
22:32 / 2024-04-15

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги “Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, жорий йилнинг апрель-май ойларида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги таълим муассасаларининг педагоглари малака тест синовларидан ўтказилади.

2024 йил 1 январдан бошлаб тизим ўқитувчиларига тоифа бериш жараёни бевосита Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан амалга ошириб келинмоқда. Бунда педагогларни аттестациядан ўтказиш учун вазирлик томонидан янги тизим яратилди ҳамда малака тоифасини бериш амалиёти такомиллаштирилиб, инсон омилисиз ўтказиладиган янги тизим жорий қилинди. 

2023 йил 5-7 декабрь кунлари ўқитувчилар билим даражаси паст бўлган 20 та туман (шаҳар)да фаолият олиб бораётган педагоглар иштирокида малака тоифалари беришнинг мазкур янги тизими тажриба-синовдан ўтказилди. Унда 4 123 нафар педагог иштирок этди. Жорий йилнинг апрель-май ойларида ўтказилиши режалаштирилган синов жараёнлари мамлакатимиз миқёсида 2024 йил 15 апрель куни бошланди ҳамда май ойининг якунига қадар давом этади. 

Биринчи босқичда – педагогнинг мутахассислик фани ва касб стандарти бўйича билим даражаси баҳоланади. Бунда педагогларга мутахассислик фани бўйича 35 та ҳамда касбий стандартларига оид 5 та тест саволлари берилади. Иккинчи босқичда – педагогик маҳорати баҳоланади. Бунда педагогик маҳоратни аниқлаш мақсадида 10 та савол-топшириқ берилади. Ҳар иккала босқич ҳам компьютерда реал вақт режимида (онлайн) ўтказилади. Бунинг натижасида ташқи аралашувнинг олди олиниб, инсон омили аралашувига барҳам берилади. 

[gallery-16939]

Айтиш лозимки, вазирлик томонидан аттестацияга тайёргарлик кўриш ва педагогларга малака тоифасини беришнинг янги тартиби – pedkadr.uzedu.uz электрон платформаси ишлаб чиқилди. Янги тартибга кўра, синовлар икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда мутахассислик фанидан педагогларнинг билими (билиш, қўллаш, мулоҳаза қилиш кўникмалари), иккинчи босқичда уларнинг педагогик маҳоратлари баҳоланади. 

Сирдарё вилоятида ҳам малака (тест) синовлари Гулистон шаҳридаги “Баркамол авлод” болалар мактаби биносида бўлиб ўтмоқда. Малака синовларида Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг ўринбосари А.В.Шин иштирок этмоқда. Синов жараёнларининг сифатли ва шаффоф ўтишини таъминлаш мақсадида барча шарт-шароит яратилган. 

Жумладан, кузатув камералари ўрнатилган бўлиб, назорат ўтиш жойлари ташкил этилган. Шунингдек, кутиш хоналари, ҳамшира хонаси, она ва бола хонаси шулар жумласидан. 

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, таълим сифатини оширишда ўз устида тинимсиз ишлайдиган, билими ва тажрибаси юқори бўлган ўқитувчиларнинг ўрни беқиёс. 

Янги аттестация тизими айнан ана шундай малакали ўқитувчилар сонининг ортиши ва мамлакатимизда таълим сифатининг янада ошишига хизмат қилади. 

Шуҳрат Суяров, Шаҳриёр Ортиқбоев,(сурат), ЎзА мухбирлари