English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Малакали мутахассислар соҳа тараққиётини белгилайди
15:08 / 2022-02-28

Навоий вилояти ўзининг туризм салоҳияти билан бошқа ҳудудлардан ажралиб туради.

Бугунги кунда вилоятдаги кўплаб зиёратгоҳлардан хорижлик ва маҳаллий сайёҳлар қадами узилмайди. Айниқса, Нурота чашмаси, Сармишсой бутун дунёга машҳур. Бу ерга йил давомида сайёҳлар ташриф буюради. Сентобсой, Айдаркўл, Тўдакўл каби дам олиш масканларида ҳам туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт старатегиясида “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилинг” дастури доирасида маҳаллий сайёҳлар сонини 12 миллион нафардан ошириш ҳамда республикага ташриф буюрадиган хорижий туристлар сонини 9 миллион нафарга етказиш режалаштирилган. Жумладан, ушбу мақсадларга эришиш учун Навоий вилоятида зиёрат ва экотуризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш мақсадида 2022 йил якунига қадар Мавлоно Ориф Деггароний номи билан аталадиган меъморий мажмуани реставрация қилиш ҳамда уни сайёҳлик маршрутига киритиш, йил давомида эса вилоятда, айниқса, Тўдакўл ҳудудида экотуризмни ривожлантириш бўйича алоҳида дастур тузиб уни амалга ошириш, Нурота туманида “Сентоб” туризм қишлоғини ташкил қилиш кўзда тутилган.

Бу эса ўз навбатида соҳада кадрлар тайёрлаш муаммосини тезкорлик билан ҳал этиш чораларини белгилашни тақозо этади. Маълумки, Президентимизнинг 2021 йил 30 октябрда “Туризм, маданий мерос ва музейшунослик соҳаларида малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. Қарорга кўра, Ўзбекистон Республикасида туризм, маданий мерос ва музейшунослик соҳаларида халқаро стандартларга мос узлуксиз таълим тизимини янада такомиллаштириш, меҳнат бозорининг замонавий талабларига мувофиқ юқори малакали рақобатбардош кадрларни тайёрлаш жараёнини йўлга қўйиш, фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг интеграциясини таъминлаш мақсад қилинган.

Навоий вилоятида ҳам соҳани янада ривожлантириш, ташриф буюрган хорижий ва маҳаллий сайёҳларга малакали ва сифатли хизмат кўрсатиш, меҳмонхона, оилавий меҳмон уйи, хостел, дам олиш маскани, пляж зоналари, шунингдек, туроператор компанияларида ишловчи ҳодимларнинг малакасини ошириш мақсадида касбга ўқитиш курслари ташкил этилмоқда.

– Мазкур ўқув курсларида туризм соҳасида ишловчи ишчи-ходимлар - меҳмонхона администратори, хона хизматчилари, менежерлик йўналишида фаолият олиб борувчи ходимлар ўқув амалиётини ўтаб сертификатларга эга бўлмоқда, – дейди Навоий вилояти Туризм ва спорт бош бошқармаси шўъба бошлиғи Комилжон Нормаматов. – Шунингдек, вилоятда фаолият олиб борувчи барча оилавий меҳмон уйлари эгалари ва оилавий меҳмон уйини ташкил этиш истагида бўлган фуқароларни ўқитиш, туризм соҳасидаги тадбиркорлик малакасини ошириш мақсадида Нурота туманида ўқув курслари ташкил этилди, 50 нафар тадбиркорлар ва маҳаллий аҳоли туризм соҳасидаги сертификатларга эга бўлди.

Пандемия даврида туризм соҳасидаги кадрлар сонини ошириш мақсадида “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети билан ҳамкорликда онлайн ўқув курслари ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилиб, гидлик, администраторлик ўқув курслари бўйича 10 нафар ходим малака оширди. Шу билан бирга ёшларни туризм соҳасига кенг йўналтириш, ички туризмни ривожлантириш, гид-таржимонлик соҳаларига кенг жалб қилиш мақсадида Навоий Давлат педагогика институти билан ҳамкорликда чет тиллар факультети талабалари ўртасида туризм йўналишида кадрлар тайёрлаш, уларни гид таржимонликка йўналтириш бўйича 300 нафар талабарга маҳорат дарслари ва тренинглар ташкил этилди.

Маълумотларга кўра, 2021 йил давомида вилоятга 9 минг нафар хорижий, 522 минг нафар маҳаллий сайёҳлар ташрифи кузатилган. Шунингдек, “Ички туризмни ривожлантириш дастури”га мувофиқ, вилоятда мавжуд жами 77 та корхона-ташкилотларнинг 55 минг нафар ишчи-ходими ҳамда 307 та маҳалла фуқаро йиғинларининг 169 минг нафар аҳолиси ички туризмга жалб қилинди.

Таъкидлаш ўринлики, 2016 йилда меҳмон уйлари сони битта бўлган бўлса, 2021 йилнинг декабр ойига қадар 87 тага етказилди. 2018 йилда тур маршрутлар сони 5 тани, 2021 йил якунида 35 тани ташкил этди. Жумладан, 5 та экотуризм, 7 та зиёрат туризми ҳамда 3 та агротуризмга мослашган янги маршрутлар ишлаб чиқилди.

Абдували Бўриев, ЎзА