English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Малакали кадрлар тайёрлашда дуал таълимнинг аҳамияти
13:04 / 2023-11-24

Мамлакатимиз таълим тизимига дуал таълим тушунчаси яқин йилларда кириб келди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 мартдаги қарори билан профессионал таълим тизимида дуал таълимни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Ривожланган давлатларнинг иқтисодиёти ва саноатини кузатар эканмиз, тараққиётда кучли мутахассис кадрларнинг ўрни беқиёс эканлигини кўрамиз.  

Бугунги кунда Ўзбекистонда тўқимачилик соҳасида ёш кадрларни, айниқса, муҳандис-технолог ва муҳандис-механикларни тайёрлаш жараёнига замонавий ёндашув талаб этилмоқда.

Ҳозирги кунда институтда тўқимачилик соҳасининг барча бўғинлари бўйича кадрлар тайёрланади. Яъни пахтани дастлабки ишлашдан  то  тайёр маҳсулотгача бўлган жараёнлар бўйича муҳандис-механиклар, муҳандис-технологлар, муҳандис-кимёгар-технологлар, муҳандис-системотехниклар, дизайнерлар, маркетологларга эҳтиёж бор.

Аммо бу кадрларнинг анъанавий тарздаги таълим тизимида тайёрланиши бугунги кундаги меҳнат бозори талабига жавоб бермайди.

Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Таълим сифатини ошириш – Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир” деган сўзлари  бот-бот ёдимга тушаверади.  

Ўзбекистон тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатининг сўнгги беш йилликдаги асосий кўрсаткичлари таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, мамлакатимизда етиштирилган пахта толасини қайта ишлаш даражаси 100 фоизга етгани, ялпи ички маҳсулотда соҳанинг улуши 9,2 фоизга, саноат маҳсулотларидаги улуши 15 фоизга чиққани, биргина тикув-трикотаж саноатининг маҳсулотлари ҳажми 88 миллиард 370 миллион сўмни ташкил этаётганлиги ҳамда соҳада 600 мингга яқин одам меҳнат фаолиятини олиб бораётганлигини инобатга олсак, Ўзбекистон иқтисодиётининг драйвер соҳаларидан бири бўлган тўқимачилик саноатини ривожлантириш орқали аҳолини иш билан таъминлаш, кабағалликдан чиқаришга эришиш мумкинлиги ўз исботини топди.

2023 йил 12 июнда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Камбағалликни қисқартиришда тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.  

Фармондан кўзланган асосий мақсад уюшмаган ёшларни, айниқса, хотин-қизларни иш билан таъминлаш, бунда иштирок этган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва олий таълим тизимида “Касб эгаси” дуал таълим тизимида кадрлар тайёрлашни йўлга қўйишдан иборатдир.

Фармон билан олий таълим тизимида “Касб эгаси” дуал таълим тизимини тажриба тариқасида ишга тушириш, 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида  

3 ва 4-курс талабалари учун ушбу тизимни жорий қилиш белгиланди.

Бу бежиз эмас. Мақсад замонавий кадрларни тайёрлашда дунё тажрибасида муваффаққият қозонган дуал таълимни қўллаш орқали соҳа корхоналари учун малакали мутахассисларни тайёрлашга эришишдир.

Фармон ижроси юзасидан биз айнан Германия тажрибаси асосида дуал таълимни йўлга қўйишни режалаштирганмиз. Чунки Германия бу тизимни энг самарали йўлга қўйган давлатлардан бири ҳисобланади.

Бу таълимда талабалар ҳафтанинг 3 куни институтда назарий билимларни, қолган 3 кунида корхона ва ташкилотларда ҳақиқий иш жараёнларида амалий кўникмаларни эгаллайди.

Дуал таълим шаклида таҳсил олаётган талаба корхона ва ташкилотларда ишга қабул қилинганда уларга корхона томонидан малакали устоз бириктирилади ва ойлик маоши тўланади.

Соҳа корхоналари ва тадбиркорлар билан музокара олиб борар эканмиз, улар асосий муаммолардан яна бири – корхонадаги кадрлар қўнимсизлиги эканлигини айтмоқда. Бу тизимни корхонада қўллаш орқали мазкур муаммони ҳам ечиш имконияти мавжудлиги кўринмоқда.

Тизимда шундай имкониятлар мавжуд экан, нима учун биз буни қўллаб кўрмаслигимиз керак, деган савол туғилади. Савдо-саноат палатаси, тадбиркорлар ва институт жамоаси биргаликда Янги Ўзбекистонда ёшларга таълим беришда дуал таълимни қўллаш орқали уни янги босқичга олиб чиқиш, битирувчиларнинг ўз соҳасида етук, замонавий мутахассис бўлиб етишиши билан бир қаторда уларнинг бизнесга бўлган қизиқишини ошириш, уларни йирик корхоналарнинг ҳамкори сифатида тадбиркор қилиб тайёрлаш устида иш олиб бормоқдамиз.

Институт республика олий таълим муассасалари орасида биринчилардан бўлиб 2022/2023 ўқув йилида дуал таълим тизимида тажриба-синов тариқасида ўқитишни ташкил қилди. Бунинг учун Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида жойлашган 57 та корхона билан шартнома имзоланди ва 3-курсдаги 864 нафар талаба дуал таълим шаклида ўқитилди. Бунда уларнинг ўқув режасидаги мутахассислик фанларининг ўртача 50 фоиз юкламаси, яъни амалий қисми корхоналарда ўтилиши йўлга қўйилди.

Талабаларга корхонага қатнаши учун корхона томонидан транспорт ажратилди, тушлик ташкиллаштирилди, аксарият корхоналар томонидан талабаларга бажарган ишига қараб ойига 1 000 000 сўмгача ойлик иш ҳақи тўланди.

Аввал талабалар бўш вақтларида турли соҳаларда, асосан савдо-сотиқ, хизмат кўрсатиш ва бошқа соҳаларда ишлаб пул топган бўлса, дуал таълим тизимида ўз йўналиши бўйича ҳам ўқиб, ҳам ишлаб пул топаётгани аҳамиятлидир.

Жорий  2023/2024 ўқув йилида институтда 3 ва 4-курсда таҳсил олаётган барча талабалар “Касб эгаси” дуал таълим тизими асосида ўқитиш тизимига тўлиқ ўтказилди.  

3-курсда таҳсил олаётган 805 нафар талаба 57 та корхонада, 4-курсда таҳсил олаётган 854 нафар талаба 62 та корхонада белгиланган график асосида ҳафтанинг уч кунида институтда назарий дарслар, қолган уч кунида корхонада амалий дарслар асосида дуал таълим шаклида таҳсил олмоқда. Бунда талабаларга корхонанинг малакали мутахассислари раҳбар этиб тайинланган.

Бу тизим асосида таҳсил олаётган 3 ва 4-курс талабалари корхоналарда ўрнатилган энг замонавий дастгоҳларда ишлашни ўрганишдан ташқари корхонанинг меҳнат жамоаси билан яқиндан танишиши, иш шароитига мослашиши, битиргандан сўнг эса ўша корхонага ишга қабул қилиниши мумкин.

Дуал таълимни ривожлантириш, бу бўйича дунё тажрибасини ўрганиш, улар билан тажрибамизни ўртоқлашиш мақсадида жорий йилнинг 28-29 ноябрь кунлари институт қошидаги Технопаркда “Дуал таълимнинг фан, таълим ва инновациялар соҳасидаги истиқболи” мавзусида халқаро анжуман ўтказилади. Анжуманга халқаро ташкилотлар, хорижий давлат элчихоналари ва хорижий олий таълим муассасалари ҳамда чет-эл корхоналаридан жами 60 дан ортиқ меҳмон таклиф қилинган.  

Анжуманда Германия, Франция, Италия, Туркия, Корея, Хитой, Ҳиндистон ва яна бир қанча хорижий давлатлар олий таълим муассасаларидан профессор-ўқитувчилар, экспертлар ҳамда ишбилармон тадбиркорлар билан бир қаторда дуал таълимда иштирок этаётган 40 дан ортиқ маҳаллий соҳа корхонаси иштирок этмоқда.  

Анжумандан кўзланган асосий мақсад дуал таълим бўйича дунё тажрибасини ўрганиш, ўзимизнинг тажрибамизни ўртоқлашиш, юзага келаётган мавжуд камчиликлар устида ишлаб, дуал таълимни ривожлантиришдан иборатдир.

Дуал таълим бўйича олиб бораётган ишларимизни таҳлил қилар эканмиз, дастлабки хулосаларимизга кўра, бу тизим уч тарафлама, яъни институт, корхона ва талабага манфаатли бўлиб, соҳа корхоналарига замонавий малакали мутахассисларни тайёрлашга хизмат қилади.

Бу таълим тизими Янги Ўзбекистонда таълимни янги босқичга олиб чиқишига ишонамиз.

Даврон ВАҲОБОВ,

Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ректори.

ЎзА