Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Малакали кадрлар – соҳанинг барқарор ривожланишини таъминлайдиган асосий омил
13:44 / 2025-12-03

Юртимизда техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш ва маҳсулот сифати устидан назорат соҳасини замонавий талаблар асосида ривожлантириш мақсадида мутахассислар малакасини ошириш ишлари изчил давом этмоқда. Бу борада Ўзбекистон стандартлар институти томонидан кенг қамровли ўқув дастурлари амалга оширилмоқда.

Жорий йилнинг январь–ноябрь ойларида республиканинг барча ҳудудларида 33 та сайёр малака ошириш курси ташкил этилди. Улар орқали 18 700 нафардан зиёд мутахассис қурилиш, енгил саноат, қишлоқ хўжалиги, кимё, энергетика, машинасозлик, металлургия ва хизмат кўрсатиш каби йўналишларда ўз билим ва кўникмаларини янгилади.

Тингловчиларнинг билим даражаси тест синовлари орқали баҳоланди. Натижада 129 нафар мутахассис юқори натижа кўрсатиб сертификатга эга бўлди. Ушбу сертификат эгаларига агентлик тизимидаги хизматлардан бир йил давомида 5 фоизлик чегирма тақдим этилди.

Стандартлар институти халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кучайтирмоқда. JICA агентлиги билан ҳамкорликда энергия аудиторларини тайёрлаш бўйича махсус курслар ўтказилди. Шунингдек, ISO, DIN, KATRI ва бошқа нуфузли ташкилотлар мутахассислари иштирокида ўқув семинарлари ўтказилиб, соҳадаги халқаро амалиёт ва янги технологиялар ўрганилди.

Шу билан бирга, лифтлар хавфсизлиги бўйича янги техник регламентлар қабул қилингани муносабати билан лифтларни техник кўрикдан ўтказиш бўйича ўқув дастурлари яратилди ва ҳозирда амалда татбиқ этилмоқда.

2025 йилда институт қошида илмий кенгаш фаолияти йўлга қўйилиб, 10 нафар PhD мустақил изланувчи қабул қилинди. 2026 йилдан эса “Стандартлаштириш ва маҳсулот сифатини бошқариш” ихтисослиги бўйича DSc ва PhD тайёрлаш учун алоҳида квоталар ажратилди. Бу соҳада илмий кадрлар салоҳиятини ошириш имконини беради.

Кенг қамровли ўқув дастурлари, халқаро ҳамкорлик ва мутахассисларнинг малакасини тизимли равишда ошириб бориш орқали техник жиҳатдан тартибга солиш ва стандартлаштириш соҳаси янада такомиллашмоқда. Бу эса миллий маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш, иқтисодиёт тармоқларида сифат ва хавфсизликни таъминлашга хизмат қилади.

Жўрабек Норпўлатович Муродов,
 Ўзбекистон стандартлар институти
Мувофиқликни баҳолаш ва 
ўқув масалалари бўйича
директор ўринбосари.