Жорий йилнинг 8 август куни Президентимиз раислигида олий таълим муассасалари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш, таълим жараёнидаги узвийликни таъминлаш ва соҳада мавжуд муаммоларни бартараф этишга бағишланган кенгайтирилган йиғилишда абитуриентдан тортиб, олий таълим муассасаси битирувчисигача бўлган барча босқичларда мавжуд муаммолар таҳлил қилинди.
Ушбу йиғилишда Бухоро давлат техника университети томонидан амалга оширилган ишлар алоҳида эътироф этилди. Йиғилишда соҳадаги муаммолар илмий асосда таҳлил қилиниб, устувор йўналишлар аниқланди. Натижада қатор илмий марказлар ташкил этилди, таълим инфратузилмалари замонавий талаблар асосида янгиланмоқда.

Жумладан, Бухоро давлат техника университетига вилоят ҳокими томонидан мунтазам равишда ташрифлар амалга оширилмоқда ва улар доирасида университетнинг илмий ҳамда инновацион ишланмалари ҳудудий тармоқларда самарали жорий этилмоқда.
Маълумки, юртимиздаги углеводород хомашёсининг қарийб 70 фоизи Бухоро–Хива минтақасида жойлашган. Бухоро вилоятида 10 дан ортиқ йирик нефть ва газ конлари қазиб олиш, қайта ишлаш ҳамда тайёр маҳсулотни истеъмолчиларга етказиб беришга ихтисослашган ҳолда фаолият юритади.

Бундан ташқари, вилоятдаги 3450 та корхонанинг 193 таси кимё ва нефть-кимё саноатига ихтисослашган бўлиб, улар фаолияти учун ҳозирда хориждан 300 нафар малакали мутахассис жалб этилган. Шу билан бирга, 200 дан ортиқ маҳаллийлаштириш талаб этиладиган материаллар, бутловчи қисмлар ва технологик реагентларга эҳтиёж мавжуд.
Мазкур саноат салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда Бухоро давлат техника университети қошида Нефть ва газ соҳасига ихтисослашган илғор муҳандислик мактабига асос солинди. “Ўзбекнефтгаз” раҳбариятининг университетга ташрифлари давомида ўзаро ҳамкорлик йўналишлари, хусусан, замонавий талабларга жавоб берадиган юқори малакали муҳандис кадрлар тайёрлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди ва бу борада амалий ишлар изчил олиб борилмоқда.

– Юртбошимиз раҳбарлигида 2024 йил 31 май куни “Gas Chemical Complex MTO Central Asia LLC” масъулияти чекланган жамият қурилишига старт берилгани юртимиз саноати ва илм-фан соҳасидаги муҳим воқеа сифатида тарихга кирди, – дейди Бухоро давлат техника университети ректори Садоқат Сиддиқовa. – Ушбу маросимда университет раҳбарияти ва профессор-ўқитувчиларидан иборат 10 дан ортиқ вакил фаол иштирок этди. Мазкур лойиҳа университет жамоасини илмий изланиш ва амалий тадқиқотларни ҳаётга татбиқ этишга янада илҳомлантирди. Бугунги кунда бакалавриат ва магистратура талабаларининг битирув малакали ишлари, шунингдек, докторантларнинг диссертация мавзулари айнан МТО мажмуасининг ишлаб чиқариш жараёнлари, техник ва технологик ечимларини тадқиқ этишга йўналтирилмоқда.
Эътиборлиси шундаки, МТО мажмуаси ташаббуси ва кўмаги билан Бухоро давлат техника университетида “MTO Central Asia LLC” махсус ўқув-илмий аудиторияси ташкил этилди. Бу аудитория талабалар ва тадқиқотчилар учун замонавий технологиялар асосида билим ва малака ошириш, соҳавий муаммоларни ўрганиш ва инновацион ечимлар таклиф этишда муҳим илмий-интеллектуал масканга айланмоқда.
Бухоро давлат техника университети бугунги кунда энергетика, кимё, нефть ва газ йўналишида малакали мутахассислар тайёрлаб келмоқда. Ҳозирда, 5384 нафар малакали битирувчи муҳандис кадрлар юртимиз нефть ва газ корхоналарида фаолият олиб бормоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.