Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 31 декабрдаги “Малакаларни баҳолаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва меҳнат бозорини малакали кадрлар билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш доирасида “Қўнғирот сода заводи” масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонаси қошида “Малакаларни баҳолаш маркази” ташкил этилади.
– Мақсад, аҳоли кенг қатламларини талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш, малакали кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш, заводни юқори малакали мутахассислар билан таъминлашдан иборат, – дейди марказ раҳбари Бахтиёр Жалгашов. – Бу эса, ходимларни ишга қабул қилиш, лавозимини ўзгартириш, разрядини кўтаришни шаффоф ва холис баҳолашни таъминлайди.
Давлатимиз раҳбарининг раислигида 2021 йил 17 ноябрь куни кимё саноатида амалга оширилаётган ишлар таҳлили ва янги лойиҳалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган йиғилишда белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш, олий маълумотли мутахассисларни тайёрлаш мақсадида корхона қошида “Махсус ўқув маркази” ҳамда “Махсус факультет” ташкил этиш режалаштирилган.
[gallery-7978]
“Махсус ўқув маркази”да корхона ходимлари ҳар 3 йилдан малакасини ошириб боради. Бунда улар 4 та йўналиш бўйича шартнома асосида ўқитилади.
“Махсус факультет”да эса, магистратура йўналиши бўйича сиртқи ўқув шаклда 4 та йўналиш бўйича ҳар бир йўналишда 3 та қабул квотаси бўйича мутахассислар қабул қилинади.
Амалга оширилаётган ишлар корхоналарни трансформация қилиш, уларга замонавий технологиялар ва бошқарув тизимини жорий этиш, энг асосийси, юқори қийматли товарлар ишлаб чиқаришга, экспорт ҳажмининг кўпайишига хизмат қилади.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА