Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Малака ва тажриба иш самарадорлигини оширади
12:09 / 2023-01-28

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташаббуси билан жорий йилнинг январь ойидан бошлаб мамлакатимизнинг барча ҳудудларида қуйи бўғин давлат хизматчилари учун соҳавий қисқа муддатли малака ошириш курслари ташкил этилди.

Сурхондарё вилоятида ҳам ўқув курсларини юқори савияда ўтказишга алоҳида аҳамият берилмоқда. Жумладан, шу кунларда вилоятдаги туман, шаҳар ҳокимларининг 94 нафар молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосарларининг, қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари, инвестициялар ва ташқи масалалар, ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар, қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарларининг бош мутахассислари ҳамда оила ва хотин қизлар масалалари бўйича ўринбосарларнинг етакчи мутахассислари касбий тайёргарлиги, билим ва кўникмасини оширмоқда.  

Ташкил этилган ўқув курсларидан кўзланган мақсад тингловчиларда ўзларининг соҳасида самарали фаолият юритиши учун зарур сиёсий-ҳуқуқий, касбий билим ва кўникмаларини ошириш ҳамда кенг жамоатчилик ва аҳоли билан мулоқот қила олиш салоҳиятини шакллантиришдан иборат.  

Мазкур курслар бевосита қуйи бўғин давлат хизматчиларининг таклифлари ва кундалик меҳнат фаолиятидаги зарурий эҳтиёжлари асосида шакллантирилган долзарб мавзулар бўйича соҳанинг тажрибали амалиётчи мутахассислари, олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари томонидан ўтказилмоқда. Кунлик ўқув машғулотлари соҳавий билим ва кўникмасини ошираётган тингловчиларга манзур бўлмоқда.  

–Давлат фуқаролик хизматчиларининг касбий маҳоратини ошириш, халқ билан ишлаш кўникмаларини шакллантириш ҳамда мунтазам равишда ўз устида ишлаши учун шароит яратиш давлат органларининг иш самарадорлиги ошишига хизмат қилувчи омиллардан энг асосийси ҳисобланади, – дейди Қумқўрғон тумани ҳокимлиги бош мутахассиси Миржалол Тоштемиров.– Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташкил этган ўқувда зарур билим ва кўникмаларга эга бўлмоқдамиз. Айниқса, унинг йил бошида ўтказилиши эиммамизга юкланган вазифаларни режалаштиришда муҳим аҳамият касб этади.  

Мамлакатимизда “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак”, деган эзгу тамойилни амалга ошириш ҳамда Давлат хизматининг барқарорлиги, ишончлилиги ва самарадорлигини таъминлаш кўп жиҳатдан давлат хизматчисининг касбий тайёргарлиги, билим ва кўникмасига бевосита боғлиқ. Шунга кўра, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги давлат фуқаролик хизматчиларининг билим ва кўникмаларини мунтазам равишда ошириб боришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Масалан, ўтган йили Агентликнинг Сурхондарё вилояти филиали 35 дан ортиқ ўқув курси ташкил этиб, 5 минг 151 нафар давлат хизматчисининг малакасини оширган. Бу кўрсаткич 2021 йил ташкил этилган курсларга нисбатан қарийб 4 баробар кўп.  

Бундай малака ошириш курсларини тизимли ўтказиш, давлат фуқаролик хизматчиларининг билим ва кўникмаларини мустақил ўзлаштириши, ўз устида мунтазам ишлаб, изланишида муҳим аҳамият касб этади. Чуқур сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва касбий билимга эга юксак маънавиятли, замонавий давлат хизматчисини шакллантиришга пухта замин яратади.  

Вилоятдаги қисқа муддатли малака ошириш курсларида ўқув машғулотлари давом этмоқда.  

Нодир Мўминов,  

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги  

Сурхондарё вилояти филиали бош инспектори  

ЎзА