Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мактабни ободонлаштириш мажбурий меҳнат ҳисобланадими?
16:03 / 2025-12-25

Ҳуқуқий муносабат

Қонунчилигимизга кўра, суд қарори билан тайинланган жазони ижро этиш тартибидан ёки қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат тақиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 5-моддасига кўра мажбурий меҳнат бу бирор-бир жисмоний шахсдан жазо қўллаш таҳдиди остида талаб этиладиган, бажарилиши учун ушбу шахс ихтиёрий равишда ўз хизматларини таклиф қилмаган ҳар қандай иш ёки хизмат тушунилади.

Бу ҳақда Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Имомали Туев қуйидагича тушунча берди.

– Меҳнат кодексининг 115-моддасига кўра, иш берувчи ходимдан меҳнат шартномасида кўзда тутилмаган ёки қонунга хилоф бўлган ишни бажаришни талаб қила олмайди.

Бундан ташқари "Педагогнинг мақоми тўғрисида"ги қонуннинг 5-моддасида педагогларни касбий фаолиятига дахлдор бўлмаган ишларга жалб қилиш тақиқланганлиги ҳам  белгилаб қўйилган.

Аммо Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2018 йил 10 майда қабул қилинган 349-сонли қарорга кўра, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан ҳашарлар қуйидаги шартларга қатъий риоя этилган ҳолда фақат ихтиёрий тарзда ташкил этилиши ва ўтказилиши белгиланган.

Бунда умумхалқ ҳашарини ўтказиш тўғрисида фақат Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли ҳужжати ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори мавжуд бўлганда, ҳашарлар унда иштирок этадиган шахслар меҳнат қиладиган тегишли ташкилот ҳудудида меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик нормаларига қатъий риоя этилган ҳолда рухсат этилади.

Шунингдек, ҳашарлар доирасида барча бошқа турдаги жамоат ишлари, шу жумладан, қурилиш-таъмирлаш ва қишлоқ хўжалиги ишларига мажбурий жалб этишга қатъий йўл қўйилмаган ҳолда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, иш ўринларини тартибга келтириш ишлари амалга оширилади.

Бундан кўриниб турибдики, ҳашар фақат ихтиёрий асосда, хавфсизлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига қатъий риоя қилинган ҳолда ўтказилиши мумкинлиги белгиланган. Яъни мактабда ишлайдиган ўқитувчилар ёки ўқувчилар фақатгина ўз ихтиёрлари билангина мактабни ободонлаштириш ишларида қатнашиши мумкин ва бу меҳнатга мажбурлаш ҳисобланмайди, бу қонунийдир.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мактабни ободонлаштириш мажбурий меҳнат ҳисобланмайди. Лекин унга ўқитувчиларни ёки ўқувчиларни мажбурлаш ноқонуний ҳисобланади. Шунинг учун ҳам бу турдаги тадбирлар  ихтиёрийлик тамойилига асосланган ҳолда ташкил этилиши керак.

Гулноза Бобоева, ЎзА