Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2024 йил 31 май куни бўлиб ўтган мажлисида мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳ.Умаровага «Умумий ўрта таълим ташкилотларида болаларга тиббий хизмат кўрсатиш ҳолати тўғрисида» Қонунчилик палатасининг парламент сўрови юборилган эди.
Унда умумтаълим мактабларида тиббиёт хоналари фаолиятини йўлга қўйиш, уларни зарур тиббий жиҳозлар, дори-дармон воситалари билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати юзасидан асослантирилган тушунтиришлар бериш сўралганди.
Қонунчилик палатасининг бугунги мажлисида депутатлар мазкур парламент сўровига юборилган жавобни кўриб чиқди.
Парламент сўровига келган жавобда келтирилишича, умумий ўрта таълим мактабларида ўқувчилар учун тиббий хизматни ташкил этиш, уларга тиббий ёрдам кўрсатиш, саломатлигини муҳофаза қилиш масалалари масъул вазирликларнинг тегишли қўшма қарори билан тартибга солинган.

Умумий ўрта таълим мактабларига ҳудудий туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалар томонидан режа асосида шифокор ва ҳамширалар бириктирилган.
Юртимиздаги 10 минг 165 та умумтаълим мактабида шифокорлар 6 минг 357 нафарни, ўрта тиббий ходимлар 10 минг 176 нафарни, стоматологлар 252 нафарни ташкил этмоқда.
Шу билан бирга, бугунги кунда вазирлик тасарруфидаги 10 минг 165 та умумтаълим мактабининг 9 минг 85 тасида тиббий хоналар мавжуд. Уларнинг 7 минг 766 таси барча зарур жиҳозлар билан таъминланган. Қолганлари қисман жиҳозланган. Мазкур тиббий хоналарни 36 турдаги дори воситалари билан таъминлаш мақсадида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 7,8 млрд. сўм, тиббий буюмлар харид қилиш учун 116 млн. сўм ажратилган.
Вазир жавобида келтирилишича, соғлиқни сақлаш вазирлигининг профилактик эмлаш календарь режаси асосида ўқувчиларни ёшига мувофиқ эмлаш ишлари, умумий ўрта таълим муассасаларининг ўқувчилари ўртасида бир йилда бир маротаба тор мутахассислар иштирокида чуқурлаштирилган тиббий кўрик ўтказилмоқда. Шу билан бирга, 1-4 синфларда йилда бир маротаба 100 фоиз гижжага қарши текширувлар олиб борилмоқда.
Мажлисда парламент сўровига жавобда кўтарилган масалалар бўйича атрофлича маълумотлар тақдим этилганлиги қайд этилиб, Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг жавоби маълумот учун қабул қилинди.
М.Комилова, ЎзА