Нурафшон шаҳридаги Ёшлар марказида “Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси – таълим ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш пойдевори” мавзусида семинар ўтказилди.
Унда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ректори Абдуғаффор Қирғизбоев, мазкур олийгоҳнинг профессор-ўқитувчилари, Тошкент вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Азамат Камолов, халқ таълими туман-шаҳар бўлимлари масъуллари қатнашди.
Асосий эътибор мактабларнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилди. Бунинг учун таълим муассасаларида ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ўқувчилар, ота-оналар билан бевосита ҳамкорлик қилиш борасида фикр алмашилди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳозир республика бўйича жами 1 минг 526 та умумтаълим мактаблари “Ижтимоий-маънавий муҳит носоғлом бўлган мактаблар” деб топилиб, ушбу мактаблар “қизил” тоифага киритилган. Хусусан, Тошкент вилоятида бу каби мактаблар 147 тани ташкил этади. Жорий йилнинг 10 апрель кунига қадар мазкур мактабларнинг ҳар бири учун “Ижтимоий-маънавий мухит” барқарорлигини таъминлаш ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича “Йўл ҳарита” лари ишлаб чиқилди.
“Қизил” тоифадаги мактабларга ҳудуддаги яшил тоифага кирувчи мактаблар бириктирилиб, тажрибасини тадбиқ этиш амалиёти йўлга қўйилди. Бундан ташқари, Республикадаги кўрик-танловлар ҳақида ўқувчиларни хабардорлигини таъминлаш ва ёшларга мотивация берадиган интеллектуал ўйинлар ўтказилади.
Шоир ва ёзувчилар билан учрашувларни кўпайтириш бўйича ҳар бир туман-шаҳар халқ таълими бўлимлари томонидан самарали ишлар қилинади. Тадбирда соҳа олимлари мазкур мактабларда тарбиявий ишларни самарали ташкил этиш борасида зарур тавсияларини берди. Мавзу бўйича мутахассислар билан савол-жавоблар қилинди.
А.Мусаев,
ЎзА