Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мактаблардаги илк сабоқ “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” шиори остидаги "Мустақиллик дарси" билан бошланди
11:10 / 2023-09-04

Янги ўқув йилига бағишланган тантанали тадбир пойтахтимизнинг Миробод туманидаги 110-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида ҳам тантанали руҳда ўтказилди.

Мактабнинг файзли ҳовлисига ўқувчилар, уларнинг ота-оналари, устозлар, жамоатчилик вакиллари тўпландилар.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси янграйди.  

Мактаб директори Умида Рашидова Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида таълимга қаратилаётган юксак эътибор  Ўзбекистон тараққиёти пойдеворини таъминлашга хизмат қилишини таъкидлади.

Президентимиз раислигида 28 август куни мактабларда таълим сифатини ошириш, ўқувчи ўрнини кўпайтириш ва ўқитувчиларни қўллаб-қувватлашга оид вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида таълим тизимини тубдан ислоҳ этишга катта эътибор қаратилди. Дарҳақиқат, ўқув стандартларини янада такомиллаштириш, ўқувчиларнинг сифатли билим олиши учун кенг имкон яратиш, педагогларнинг меҳнатини қадрлаш, хориждан юқори малакали ўқитувчиларни жалб этиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

[gallery-13425]

— Мактабимиз бир неча йиллар аввал капитал таъмирланди, – деди мазкур мактаб директори ўринбосари Фароғат Жабборова. – Ўқувчиларимиз  фан олимпиадаларида яхши натижаларни кўрсатмоқдалар. Бу йил табиий фанлар бўйича – кимё, биология, география, физика каби ўқув предметларидан хорижий ўқитувчилар бириктирилди.  

Ушбу мактабда салкам 4 ярим минг нафарга яқин ўқувчи таҳсил олади. Бу йил 344 нафар ўқувчи 1-синфга келди.  

— 2023 йил – “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да ёш авлодга билим бериш борасида мисли кўрилмаган имкониятлар ишга солинмоқда, – деди 110-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг она тили ва адабиёти ўқитувчиси ва методисти  Наргиза Салимова. – Ўқувчиларда мустақил ва ижодий фикрлаш кўникмасини шакллантириш бўйича амалий ишлар олиб борилаяпти. Бу йил устамали ойлик маошига эга бўлдим. Бунда ўқитувчининг ўз устида ишлаши, изланиши, тўрагараклар ишини йўлга қўйиши, ўқувчиларнинг фан олимпиадаларида муваффақиятли иштирок этиши каби омиллар асосий мезон бўлди.  

Айтиш жоизки, ушбу мактабга бу йил 344 нафар ўғил-қиз 1-синфга ўқишга келди.  

...Орзиқиб кутилган биринчи қўнғироқ садолари янгради. Мамлакатимиздаги мактаб остонасига эндигина қадам қўйган жажжи ўқувчилар каби мазкур мактабнинг 1-синф ўқувчиларига ҳам Президент совғалари – 12 номдаги ўқув анжомларидан иборат туҳфалар топширилди.  

Илк сабоқ – “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” шиори остидаги "Мустақиллик дарси"да юртимизда кечаётган янгиланишлар, ёш авлодга эътибор, мустақиллик, тинч ва осуда ҳаётнинг қадр-қимматига оид қизиқарли дарс ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотди.

 

Назокат Усмонова, Носиржон Ҳайдаров (суратлар), ЎзА