Президент ва ихтисослаштирилган мактабларнинг баҳолаш тизимини қўшимча 1000 та умумий ўрта таълим муассасасида жорий этиш ҳамда фанлар бўйича амалий машғулотлар улушини 60 фоизга ошириш борасидаги жараёнлар давом этмоқда.
Таълимдаги бу муҳим ислоҳотлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 21 февралдаги «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида» фармони ижроси доирасида амалга оширилмоқда.
Ҳужжатда, шунингдек, Президент мактаблари ва ихтисослаштирилган мактабларнинг таълим методикасини барча умумий ўрта таълим муассасаларининг ўқув жараёнларига жорий қилиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Президент фармони ижроси доирасида қандай ишлар олиб борилмоқда, истиқболдаги режалар нималардан иборат?
Мавзу юзасидан Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий маркази директори Дилрабо ДАВИДОВАнинг фикрлари билан қизиқдик.
– Президент, ижод, ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатлари таълим методикаси махсус мезонларга асосланган баҳолаш тизими бўйича олиб борилади. Ушбу методика 2023/2024 ўқув йилидан республикамиздаги 500 та умумий ўрта таълим мактабига ҳам жорий қилинди. Бу рақам ҳудудлар кесимида олинганда Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлардаги маълум мактабларни қамраб олди.
Янгиликни амалиётга татбиқ қилиш учун тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактабларнинг педагогик жамоаларидан 750 га яқин тренер шакллантирилди. Улар ушбу таълим масканларига бириктирилди.
Келгуси ўқув йилидан бошлаб республикамиздаги 1000 та умумтаълим мактабида ушбу янги баҳолаш тизими жорий қилинади. Бугунги кунда жараённи тизимли ва самарали ташкил этишда агентлик таркибидаги Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий маркази томонидан соҳа мутахассислари жалб қилинган ҳолда назорат синовлари спецификациялари ва материалларини тайёрлаш учун экспертлар гуруҳи ҳам шакллантирилди.
– Шу ўринда савол туғилади, махсус мезонларга асосланган баҳолаш тизими мазмун-моҳияти, афзалликлари нимада?
– Мазкур баҳолаш тизими таълим жараёнининг барча қатнашчиларига мақсадли ёндашишни ўргатади. Унинг анъанавий баҳолаш тизимидан фарқли томони субъективлик, нисбийликка асосланмаганлигидир. Баҳолаш материаллари ҳам Давлат таълим стандартлари талаблари асосидаги таълимий мақсадларга эришилганлик даражасини текширишга қаратилган бўлади. Хусусан, тизим ўқитувчилар дарсга тайёргарлик кўраётганларида таълимий мақсадни аниқ белгилаб олишларига ёрдам беради.
Мазкур баҳолаш тизими амалиётда қўлланилаётганда инсон омили аралашуви максимал даражада камайтирилади. Ўқитувчи томонидан форматив баҳо қўйилади. Бу баҳолаш ўқувчиларнинг ўзлаштириш даражасини кўрсатиб бермайди. Муайян боб якунлагандан кейин, ўқувчи қандай билимларга эга бўлиши кераклигига қараб саволлар тузилади. Шунга мос тарзда топшириқ ишлаб чиқилади. Бу жараёнда баҳолаш мезонларида объективлик юзага келади.
Ўқитувчи ҳар бир боланинг ишини текширар экан, ўқувчининг мавзуни қай даражада тушунганлиги, унинг айнан қайси мавзуда қийинчиликка учраётганини таҳлил қилади. Боланинг дарс давомида олган билим даражаси ва уни тузатишда қайси жиҳатига эътибор бериш кераклигини ўзи учун билиб олади.
Мазкур баҳолаш усулида ўқувчи 100 баллик тизимда баҳоланади. Бунда 100-86 балл оралиғида ўқувчи – 5 баҳога, 85-65 балл оралиғида – 4 баҳога, 64-30 балл оралиғида – 3 баҳога эга бўлади.
Ушбу тизим орқали боланинг билимига тўлақонли баҳо берилади.
Баҳолаш инструментларидан энг муҳимлари амалий ва лойиҳа ишлари бўлиб, бу ўқувчиларнинг олган назарий билимларини амалда қўллаб мустаҳкамлашларига ёрдам беради. Натижада дарсларни ташкил қилишда амалий қисмига кўпроқ эътибор қаратилади.
– Баҳолаш мезони тажрибасини оммалаштириш, хусусан, республикамиздаги мингта мактабга жорий этиш бўйича қандай режалар ишлаб чиқилган?
– Халқаро таълим ташкилотлари билан ҳамкорлик доирасида махсус баҳолаш материаллари яратилмоқда. Хусусан, PISA материалларининг тегишли даражасидаги топшириқларидан намуна олиш бўйича тренинглар ўтилади. Баҳолаш материалларини таҳлил қилиш ва такомиллаштириш, табиий фанлар ва математика фани ўқитувчиларининг касбий малакасини оширишга эътибор қаратилмоқда. Халқаро мутахассислар иштирокида семинар-тренинглар ташкил қилиниб, ўқувларни каскад усулида давом эттириш режа қилинмоқда.
Таълимдаги ислоҳотларнинг яна бир муҳим томони умумий ўрта таълим ўқув дастурлари ва дарсликларини хорижий тажрибаларни ўрганган ҳолда қайта кўриб чиқиш ҳамда такомиллаштиришдир. Бунда ўқувчилар амалий кўникмаларини ривожлантириш, олаётган билимларини қаерда ва қандай қўллаш мумкинлиги ҳақида тасаввурини шакллантириш муҳим саналади. Бунинг учун эса дарсларни ташкил қилишда амалиётдан назарияга йўналтирган ҳолда, ўқув дастурларини амалий қисмини кўпайтириш айни муддао бўлади.
ЎзА мухбири Марҳабо МАДАМИНОВА суҳбатлашди.