Мактабларда йўл ҳаракати қоидаларини ўргатувчи хоналар ташкил этилади
Халқ таълими вазирлигининг А.Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институтида малака ошираётган мактаб директорлари учун семинар ташкил этилди. Семинар мазкур институт ва Ички ишлар вазирлигининг Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳамкорлигида ўтказилди.
Тадбирда «Хавфсиз ва равон йўл» умуммиллий дастури асосида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган янги қарор мазмун моҳияти тушунтирилди.
Шунингдек, 2023 йилдан бошлаб умумтаълим мактабларида жорий этилиши мўлжалланаётган «Йўл ҳаракати хавфсизлиги хонаси» ва «Йўл ҳаракати қоидаларини ўргатувчи майдон» эскиз лойиҳалари намойиш этилди.
Мазкур лойиҳаларда мактаб ўқувчиларида ёшликдан йўл ҳаракати кўникмаларини шакллантириш ва бу орқали турли нохуш ҳолатларнинг олдини олиш кўзда тутилган.
ЎзА