Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мактабларда сунъий интеллектдан фойдаланишнинг аҳамиятли жиҳатлари нимада?
14:37 / 2025-12-24

Бугун дунё таълим тизими рақамли трансформация босқичини бошдан кечирмоқда. Дарс жараёни деганда энди ўқитувчи фақат синфда фанни тушунтириш билан чекланмаяпти. Электрон платформалар, онлайн ресурслар, интерактив контентлар, масофавий ўқитиш тизимлари ва сунъий интеллект асосидаги хизматлар таълимнинг ажралмас қисмига айланди.

Ўзбекистонда ҳам рақамли таълимни ривожлантириш, мактабларни технологик жиҳатдан модернизация қилиш, ўқувчиларнинг рақамли саводхонлигини ошириш масалалари тобора долзарб бўлиб бормоқда. Шу ўринда савол туғилиши мумкин: сунъий интеллект Ўзбекистон мактабларида қандай имкониятлар яратади ва бу йўналишнинг истиқболлари нималардан иборат?

Аввало сунъий интеллектни таълимдаги янги “ёрдамчи” деб аташ мумкин. Уни “ўқитувчининг ўрнини босувчи” деб эмас, ўқитувчини кучайтирувчи ёрдамчи деб тушуниш тўғрироқ. Чунки сунъий интеллект биринчи навбатда ўқитувчининг такрорланувчи, кўп вақт оладиган техник ишларини енгиллаштиради, жумладан, тестларни текшириш, кундалик ва рейтингларни автоматлаштириш, ўқувчи фаоллигини мониторинг қилиш, индивидуал топшириқларни танлаш каби.

Бугунги кунда дунёда “мослашувчан таълим” деган ёндашув кенг тарқалмоқда. Унинг асосий мазмуни шуки, ҳар бир бола бир хил тезликда ва усулда ўрганмайди. Кимдир математикани тез ўзлаштиради, кимдир эса кўпроқ машқ қилади, кимдир визуал материални яхши қабул қилади, бошқаси эса аудио ёки амалий машғулот орқали. Сунъий интеллект айнан шу фарқларни таҳлил қилиб, ўқувчи учун шахсий таълим йўналишини таклиф қила олади.

Таҳлил қиладиган бўлсак, Ўзбекистон мактабларида сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бир неча асосий йўналишда самарали бўлиши мумкин.

Масалан, баҳолаш тизимида. Бунда сунъий интеллект асосидаги баҳолаш воситалари тест натижаларини тез текширади, хатоларни таҳлил қилади ва ўқитувчига “қайси мавзу қийин бўляпти” деган аниқ сигнал беради. Бу ўқитувчига дарсни қайта режалаштириш, қўшимча тушунтириш ва индивидуал ёндашувни кучайтириш имконини беради.

Ўқув материалларини ишлаб чиқишда ҳам самарали жиҳатлари мавжуд. Сунъий интеллект ўқитувчига мос мавзуда машқлар, қисқа тестлар, назорат саволлари, конспект ва тақдимотлар тайёрлашда ёрдам беради. Бу ўқитувчининг вақтини тежайди, дарсга тайёргарлик сифатини оширади.

Ўқувчиларнинг мустақил ўрганишига келадиган бўлсак, сунъий интеллект асосидаги виртуал ёрдамчилар уй вазифасини тушуниш, мавзуни такрорлаш, қўшимча мисоллар кўриш, изоҳлар олиш каби жараёнларда ёрдамчи бўла олади. Албатта, бунда назорат ва тўғри йўналтириш бўлиши шарт. Сунъий интеллект инсон ўрнига ўйлаши эмас, ўйлашга ёрдам бериш тамойили устувор бўлиши керак.

Инклюзив таълимда эса ногиронлиги бўлган ўқувчилар учун матнни овозга айлантириш, субтитрлар, талаффуз бўйича кўмак, шахсийлаштирилган дарс режаси каби имкониятлар сунъий интеллект орқали пайдо бўлади. Бу эса таълимнинг тенглигини оширишга хизмат қилади.

Истиқболда сунъий интеллектдан қандай натижалар кутиш мумкин? Аввало сунъий интеллект технологиялари мактаб тизимида тўғри жорий этилса, бир неча ижобий натижаларни кўриш мумкин. Масалан, ўқувчиларнинг билимида “бўшлиқ”ларни эрта аниқлаш ва бартараф этиш, ўқитувчининг юкламасини камайтириш, методик-ижодий ишларга вақт ажратиш, дарсларнинг қизиқарли, интерактив ва амалий бўлиши шулар сирасига киради. Таълим натижаларини аниқ таҳлил қилиш ва бошқарув қарорларини маълумотга асосланган ҳолда қабул қилиш, ўқувчиларни келажак касбларига мос рақамли компетенциялар билан тайёрлашда ҳам сунъий интеллектнинг ҳиссаси юқори бўлади.

Айни жараёнда сунъий интеллект орқали фанларни интеграциялаш ҳам осонлашади: масалан, информатика + математика + физика йўналишларида амалий лойиҳалар қилиш, маълумотлар билан ишлаш, оддий алгоритмлар тузиш, модель яратиш каби кўникмалар шаклланади.

Шу ўринда унутмаслигимиз лозимки, ҳар қандай янгилик каби, сунъий интеллектни таълимга жорий этишда ҳам бир қатор муаммолар бор.

Биринчи навбатда инфратузилма. Мактабларда интернет тезлиги, компьютерлар сони, техник хизмат кўрсатиш, электр таъминоти каби масалалар сунъий интеллектни амалиётга киритишда ҳал қилувчи омил бўлади.

Биламизки, сунъий интеллект воситалари ўз-ўзидан натижа бермайди. Ўқитувчи уни тўғри ишлата олиши, дарс жараёнига мослаштириши, ундан методик фойда чиқара билиши керак. Шунинг учун малака ошириш курсларида сунъий интеллект ва рақамли педагогика йўналишлари кучайтирилиши зарур.

Академик ҳалоллик жиҳатига назар ташлайдиган бўлсак, ўқувчи сунъий интеллектдан “тайёр жавоб кўчириб олиш” учун фойдаланмаслиги керак. Бунинг учун топшириқларни ижодий, лойиҳа асосида, тушунтириш ва таҳлил талаб қиладиган кўринишда бериш муҳим.

Хавфсизлик нуқтаи назардан ўқувчиларнинг шахсий маълумотлари ва таълим натижалари билан ишлашда махфийлик, киберхавфсизлик, ота-оналар розилиги каби жиҳатлар қатъий эътиборда бўлиши лозим.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, сунъий интеллект, бу – имконият, лекин у бошқарилсагина. Умумий жиҳатдан айтганда, Ўзбекистон мактабларида сунъий интеллектдан фойдаланиш истиқболлари жуда катта. Бироқ у “мўъжиза” эмас, балки тўғри бошқарилса, натижа берадиган технологик восита. Таълимда энг муҳим омил барибир инсон – ўқитувчи ва ўқувчи бўлиб қолаверади. Сунъий интеллект эса шу инсоний имкониятларни кенгайтиради, таълимни шахсийлаштиради ва самарадорликни оширади.

Келажак таълими бир уйғунликка таянади: ўқитувчи – йўналтирувчи, сунъий интеллект – ёрдамчи, ўқувчи – фаол иштирокчи.

Фаррух ҚОДИРОВ, 

Шаҳрисабз давлат педагогика институти Математика ва таълимда ахборот
технологияси кафедраси мудири, доцент.

ЎзА