Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мактабларда илғор методикаларни жорий этишга 100 миллион доллар йўналтирилади
09:08 / 2022-04-21

Давлат дастурига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида бошланғич синф ўқувчиларини босқичма-босқич бепул овқат билан таъминлаш тизимини жорий этиш мақсадида 2022 йил 9 февраль куни Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори қабул қилинди.

Ушбу ишларни амалга ошириш учун Молия вазирлиги томонидан тегишли ҳудудлар маҳаллий бюджет маблағларидан жами 200 миллиард сўм маблағ Халқ таълими вазирлигининг алоҳида ҳисобварағига йўналтирилиши белгилаб қўйилди.

Халқ таълими тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг янги босқичи бошланди. Хусусан, Президентимиз раҳбарлигида жорий йилнинг 5 апрелида ўтказилган видеоселектор йиғилишида мактаб ўқитувчиларини янги методика асосида қайта тайёрлаш бўйича умуммиллий лойиҳа бошланиши эълон қилинди. Ушбу янги тизим доирасида келгуси 3-4 йилда мактаблардаги барча синф ўқитувчилари янги методика асосида ўқитилади. Бунинг учун ҳар бир ҳудуддаги Малака ошириш марказлари негизида педагогларни янги методикаларга ўргатувчи Миллий таълим марказлари ташкил этилади. Уларга аниқ ва табиий фанлар бўйича хориждан энг малакали мутахассислар жалб қилинади.

Шунингдек, ҳар бир вилоят кесимида “тренерлар гуруҳи” шакллантирилиб, улар жойларда мактаб ўқитувчиларининг малакасини ошириб боради. Уларнинг ойлик иш ҳақига 100 фоизгача устамалар тўланади. Ҳокимликлар Халқ таълими вазирлиги билан бирга ҳар бир туман ва шаҳардаги камида 20 фоиз мактабда йил якунига қадар илғор методикаларни жорий этишни бошлайди. Бу янги тизимни жорий қилиш учун 100 миллион доллар қўшимча маблағ йўналтирилади.

Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси йиғилишида қайд этилди. Йиғилишда 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг биринчи чоракдаги ижроси кўриб чиқилди.

Тақдим қилинган ҳисоботга кўра, “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилинг” дастури доирасида маҳаллий сайёҳлар сонини 12 миллиондан ошириш ҳамда хорижий туристлар сонини 9 миллионга етказиш мақсад қилинган бўлиб, унинг доирасида жорий йилда пандемиядан сўнг давлатлар кесимида хорижий туристлар сонини 2,7 миллионга етказиш бўйича маркетинг стратегияси ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилган.

Шу билан бирга, маҳаллий сайёҳлар сонини 2022 йилда 8,2 миллионга етказиш мақсадида ҳудудлар кесимида режа-график жадваллар ишлаб чиқилган. Туризм ва маданий мерос объектлари инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 10 мартдаги тегишли қарори билан туризм объектларининг муҳандислик-коммуникация тармоқларини яхшилаш, маданий мерос объектларини реставрация, консервация қилиш ва ободонлаштириш, туризм инфратузилмаси ва ёндош инфратузилмани қуриш, реконструкция қилиш, кенгайтириш ва маданий-кўнгилочар инфратузилмаларни ривожлантириш бўйича лойиҳалар рўйхати тасдиқланди.


Бу жараёнда туризм хизматлари соҳасини ривожлантиришга 29,4 миллиард сўм, маданий мерос соҳаси объектларини ривожлантиришга 117,3 миллиард сўм, музейлар фаолиятини яхшилашга 43 миллиард сўм ва туризм соҳасидаги таълим муассасаларини ривожлантиришга 73,1 миллиард сўм лимит белгиланган.

Фракция аъзолари Давлат дастури ижроси юзасидан ўз фикр-мулоҳаза  ва таклифларини билдириб, ҳукумат ҳисоботини қўллаб-қувватлади.

М.Комилова, ЎзА