Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мактабларда ахборот-коммуникация технологиялари, интернет ва рақамлаштириш қай даражада?
23:54 / 2021-04-29

Мамлакатимизда сўнгги йилларда “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси бўйича кенг кўламдаги ишлар, хусусан, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, барча соҳа ва жабҳалар, шу қаторда таълим соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, умумтаълим мактабларини замонавий технологиялар билан жиҳозлаш, инновацион методлар асосида дарс бериш сифатини ошириш, ўқувчи-ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишни ташкил этиш мақсадида мактаблардаги информатика хоналаридан мақсадли фойдаланиш каби муҳим вазифалар амалга татбиқ этиб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида умумтаълим мактабларда ахборот-коммуникация технологияларининг жорий этилганлик ҳолати юзасидан матбуот анжуманида шу ҳақда сўз борди.

Анжуманда таълим соҳасидаги рақамлаштиришнинг 5 та асосий йўналиши ҳақида маълумот берилди. Жумладан, 2020 йилда оптик толали алоқа линияларини тортиш ишлари 7 минг 155 та (71 фоиз) мактабда амалга оширилган бўлса, бу кўрсаткични жорий йил якунига қадар 10 минг 8 та мактабда якунлаш, яъни 100 фоизга етказиш кўзда тутилган. Бугунги кунда интернет тармоғига уланган мактаблар “EDUCATION” тарифига уланган ва мактаб қувватидан келиб чиқиб, 10/40/100 Мбит/с тезликда ишлайди.

Бугунги кунда ички локал тармоқ ускуналари ҳамда Wi-Fi қурилмалар билан таъминланаётган мактаблар сони ҳам кундан-кунга ортиб бормоқда. Шу кунга қадар 4 мингдан ортиқ мактаблар (40 фоиз) ана шундай қурилмалар билан жиҳозланган. 2021 йил якунига қадар 7 мингга яқин мактабларни ички локал тармоқ инфатузилмаси билан таъминлаш ишларлари амалга оширилади. Шунингдек, келгусида барча мактабларни ва улардаги компьютерларни боғловчи ягона “Электрон таълим” корпоратив тармоғи яратилиши режалаштирилган.

- Мактаблардаги информатика хоналарини замонавий компьютер билан таъминлаш борасидаги кўрсаткичлар бугунги кунда 56,7 фоизни ташкил этмоқда, - дейди Халқ таълими вазири ўринбосари Рустам Каримжонов. –Яъни, жами 15 минг 906 та информатика синф хонасидан 9 минг 26 таси замонавий компьютер техникалари билан жиҳозланган. Бу кўрсаткични жорий йилда 70 фоизга етказиш кўзда тутилган,

Бугунги кунда халқ таълими тизимида 20 дан зиёд ахборот тизимлари ва ресурслари ишлаб чиқилиб, уларни амалга татбиқ этиш ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан, умумтаълим мактабларининг битирувчилари тўғрисидаги маълумотларни рақамлаштириш мақсадида “Аттестат” автоматлаштирилган ахборот тизими, республика доирасида фан олимпиадаларини ўтказиш мақсадида “Олимпиада” ягона ахборот тизими ишга туширилган.

Айни пайтда энг долзарб ва ҳамма учун муҳим йўналиш – масофавий таълим учун яратилаётган шарт-шароитлардир. Бу борада соҳада масофавий таълим жараёнини амалиётга кенг жорий этиш, таълим беришда инновацион шакл ва усуллардан самарали фойдаланиш, умумий ўрта таълим тизимига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, синфлар кесимида барча мавзулар бўйича видеодарслар базасини яратиш мақсадида Maktab.uz масофавий таълим платформаси ишлаб чиқилган бўлиб, ҳозирда контент яратиш ишлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, халқ таълими тизимига оид жараёнларни автоматлаштирувчи “Халқ таълими тизимини бошқаришнинг ахборот тизими (ERP) дастурий мажмуаси” босқичма-босқич жорий этиб келинмоқда. Мазкур тизим Тошкент шаҳри бўйича тажриба тариқасида тўлиқ жорий қилинган бўлиб, қолган ҳудудларда бу тизимни жорий этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Ўқувчиларнинг ахборот ресурслар орқали билимларини мустаҳкамлаш мақсадида ҳозирги кунда “Edu market”, “Edu kids”, “kitob.uz” платформалари жорий қилинган ва бу ресурсларни такомиллаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Мактабларда АКТни жорий этишнинг яна бир муҳим омилларидан бири бу таълим масканларини малакали кадрлар билан таъминлашдир. “Бир миллион дастурчилар” лойиҳаси бўйича 5 минг 150 нафар информатика фани ўқитувчиси малака оширмоқда. Мазкур лойиҳа доирасида 200 минг ўқувчилар таълим олмоқда.

2021 йил Давлат дастурига мувофиқ информатика ва ахборот технологиялари фани ўқитувчиларининг дастурлаш тиллари бўйича малакасини ошириш (Phyton, Scratch ва б.) ҳамда мактаб директорларининг АКТ саводхонлигини ошириш бўйича ўқитиш тизими йўлга қўйилмоқда.

Республика миқёсида информатика ва ахборот технологияларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган таянч мактаблари ташкил этилмоқда. Бугунги кунда ҳар бир вилоятда биттадан, жами 14 та АКТга ихтисослашган таянч мактаби фаолият олиб бормоқда. 2021 йилда бу каби мактабларни 85 тага етказиш режалаштирилган. Шунингдек, 5, 8 ва 9-синф информатика фани дарсликлари замонавий дастурлар - Phyton, Scratch ва бошқа дастурлаш тиллари билан бойитилган ҳолда мутлақо янги талқинда ишлаб чиқилди ва ўқув тизимига татбиқ этилди.

Файзулло Яҳёев, ЎзА