Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мактабларда 46 та касбни ўқитиш бўйича ўқув дастурлар ишлаб чиқилган
12:12 / 2022-10-17

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Халқ таълимини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, мактаблардаги маънавий-маърифий ҳамда тарбиявий ишлар ҳолатига баҳо бериш, уларга «тез ёрдам» кўрсатиш мақсадида самарадорлигини баҳолашга қаратилган 7 та мезон (индикатор) асосида «қизил», «сариқ» ва «яшил» тоифаларга ажратилди.

Шунингдек, ўқитувчи ва мактаб директори лавозимлари учун танловда иштирок этишга онлайн ариза топшириш, номзод ҳақида маълумотларни жойлаштириш бўйича ish.uzedu.uz электрон портали ишлаб чиқилиб, фойдаланишга топширилди.

Бугунги кунда халқ таълими тизимида 18 та умумтаълим фани бўйича мактаб ўқувчиларига билим бериб келинмоқда. Миллий ўқув дастури доирасида 1-11-синфлар учун яратилаётган замонавий дарсликларга 302 та касбга оид мавзу киритилди. Шунингдек, ўқувчиларда замонавий касбларга бўлган қизиқишни ҳисобга олиб, YouTube платформасида “Milliy taʼlim resurslari” канали ишга туширилди. Унда жаҳонда энг кўп даромад келтираётган 25 та касбнинг ўзбек тилидаги ўқув дарслари жойлаштирилди. 

Бундан ташқари, 2022-2023 ўқув йили сентябрь ойида «Касбим келажагим» онлайн платформаси орқали ўқувчилар сўровномаларда иштирок этди. Сўровнома натижаларидан келиб чиқиб, ишлаб чиқариш корхоналари, ҳунармандчилик марказлари ва бошқа ташкилотларга 4 минг 280 та экскурсиялар ташкил этилди. 

Ёшларда касбга бўлган қизиқишни орттириш ҳамда профессионал таълим муассасалари ҳақида тўлиқ маълумотлар бериб бориш бўйича бугунги кунга қадар республика бўйича 228 та «Очиқ эшиклар куни» ташкил этилди. Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари билан биргаликда умумтаълим мактабларида ўқитиладиган 46 та касбларни ўқитиш бўйича ўқув режа ва ўқув дастурлар ишлаб чиқилди. 

Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган эшитувда қайд этилди. Унда Халқ таълими вазирлигининг «Халқ таълимини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарорида белгиланган вазифалар ижроси бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида»ги ахбороти эшитилди.  

Депутатлар тақдим этилган ахборотдан келиб чиқиб, фикр-мулоҳазаларини, мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича тегишли таклиф ва тавсияларни билдирди. 

 

М.Комилова, ЎзА