Президентнинг 2023 йил 11 сентябрдаги фармони билан “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тасдиқланди ҳамда уни 2023 йилда ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича Президент қарори қабул қилинди. Қарорга кўра, 2024 йил 1 январдан онкогематологик касалликларга чалинган болалар учун гемотопоэтик суяк кўмиги ўзак ҳужайралари трансплантацияси амалиёти жорий этилади.
Вирусли гепатитнинг “С” тури билан касалланган беморларни ҳамда гемотопоэтик суяк кўмиги ўзак ҳужайралари трансплантацияси муолажасига муҳтож онкологик касалликларга чалинган болаларни тўлиқ Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан даволаш йўлга қўйилади.
2023 йил 1 октябрдан оғир ҳаётий вазиятга тушган ёки тушиш хавфи юқори бўлган ҳар бир оила бўйича алоҳида “ижтимоий хизмат иши”ни юритиш тартиби жорий этилади.
2024 йил 1 январдан Тошкент шаҳрининг тиббиёт муассасаларида давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизматлар ҳажми ва дори воситалари рўйхатини амалиётга киритишни назарда тутувчи давлат тиббий суғуртаси механизмлари босқичма-босқич жорий этилади.
Ногиронлиги бўлган шахсларни протез-ортопедия буюмлари, реабилитация ҳамда дори воситалари билан таъминлаш ишлари “ваучер” тизими асосида ташкил этилади.
Оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларни қайта касбга тайёрлаш харажатларини давлат томонидан қоплаб бериш тартиби жорий этилади.
Қарор билан “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратиш йўналиши бўйича 2023 йилга мўлжалланган амалий тадбирлар режаси тасдиқланди.
Унда, жумладан, мактабларда 1-синфдан компьютер саводхонлиги дарсларини жорий этиш, 5 минг нафаргача профессор-ўқитувчиларни тажриба алмашиш учун, 200 нафаргача ёш олимларни илмий даража олиш учун танлов асосида хорижий илмий ташкилотларга юбориш, Бухоро шаҳрида Жадидлар музейини ташкил қилиш назарда тутилган.
ЎзА