Мамлакатимиз бўйлаб амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бугунги кунда кенг қамровли ҳаракатга айланди. Ушбу лойиҳа нафақат кўкаламзорлаштириш, балки экологик маданиятни юксалтиришга ҳам хизмат қилмоқда. Ёш авлод онгида она табиатга меҳр ва масъулият туйғуси кучаймоқда.
Наманган шаҳридаги 88-сонли умумтаълим мактабида ана шундай тадбирлардан бири уюшқоқлик билан ўтказилди. Кўчат экиш жараёнида Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Отабек Бозоров ва таълим соҳаси вакиллари ҳамда ёшлар фаол иштирок этди. Белгиланган ҳудудда 120дан зиёд мевали ва манзарали кўчатлар ўтқазилиб, ўзига хос “Яшил боғ” барпо қилинди.

Шундай кўтаринкилик Давлатобод туманидаги 55-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида ҳам кузатилди. Тадбир жамоат ташкилотлари ва ходимлар иштирокида юқори руҳда ўтиб, унда 200 туп дарахт кўчатлари экилди.

“Яшил макон” лойиҳаси доирасидаги навбатдаги кўчат экиш акцияси Тўрақўрғон туманидаги 25-сонли умумтаълим мактабида ҳам давом этди. Бу галги акцияда вилоятдаги барча ижтимоий соҳа ташкилотлари раҳбарлар иштирок этди. Жамоавий ҳаракат тадбирнинг янада самарадор ўтишини таъминлади. Мактаб боғига экилган 500 дан зиёд турли кўчатлар атроф-муҳитнинг янада гўзал ва сўлим масканга айланишига хизмат қилибгина қолмай, балки ёшлар онгида табиатга меҳр, экологик маданиятни шакллантиришга қаратилган муҳим амалий қадамлардан бири бўлди.

Янги Наманган туманидаги 89-сонли умумтаълим мактаби ҳудудида “Яшил макон” лойиҳаси тадбири юксак уюшқоқлик билан ташкил этилди. Унда турли хил манзарали ва мевали дарахтлар ерга қадалди.
Қайд этиш жоиз, мавсум давомида тумандаги мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ҳудудларида жами 4 минг 500 туп кўчат экиш режалаштирилган.

“Яшил макон” лойиҳаси доирасидаги бу каби эзгу ишлар вилоятдаги барча мактаб ва боғчаларда изчил амалга оширилмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.