«Тараққиёт стратегияси» маркази томонидан аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда фуқароларнинг тиббий маданиятини юксалтириш мақсадида «Ёшлар – соғлом турмуш сари бирлашайлик» лойиҳаси доирасидаги ишлар таҳлилига бағишланган навбатдаги давра суҳбати ташкил этилди.
Давра суҳбатида иштирокчилар томонидан лойиҳа доирасида жорий йилнинг апрель ойида Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги «Обод» ҳамда «Юнусобод» маҳаллаларида 100 нафар ёш ўртасида соғлом турмуш тарзини ташкил этиш ва тарғиб қилиш ҳолатини ўрганиш бўйича ўтказилган социологик сўровнома натижалари атрофлича муҳокама қилинди.
Жумладан, «Соғлом турмуш тарзи» тушунчасининг мазмун-моҳиятига оид саволга 31 фоиз иштирокчи ёмон одатлардан воз кечиш (чекиш, спиртли ичимликлар), 34 фоиз тўғри (соғлом) овқатланиш, 38 фоиз кундалик тартибга риоя қилиш, 47 фоиз гигиена талабларига риоя қилиш, 42 фоиз спорт билан шуғулланиб туриш ва жисмоний фаолликни сақлаш фикрда эканлигини билдирган.
Мазкур, сўровноманинг дастлабки натижаларидан келиб чиққан ҳолда соҳа экспертлари томонидан ёшларга соғлом турмуш тарзига риоя қилиш учун тўсқинлик қилаётган омиллар, вақт, қатъият, ирода ва хоҳиш етишмаслигини бартараф этиш учун вақтни бошқариш (Time management) ҳамда қатъият, ирода қарор қабул қилиш масалаларида кўникмаларни шакллантириш бўйича дарс, семинар-тренинг машғулотлари ташкил этишни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.
Давра суҳбатида ёшларнинг моддий қийинчиликларсиз спорт билан мунтазам шуғулланишларини самарали ташкил этиш учун мактаблар, маҳалла ҳамда ҳудудларда бепул ёки эҳтиёжманд оилалар фарзандлари учун имтиёзли (арзонлаштирилган) тўгараклар ташкил қилиш зарурлиги қайд этилди.
Давра суҳбати якунида тадқиқот юзасидан амалга оширилаётган ишларни жадаллаштириш, тарғибот ва ташвиқот ишларини амалга оширишда ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА