Халқ таълими тизимида умумтаълим мактабларини тоифага ажратиш педагог-ўқитувчиларнинг эришилган ютуқлари, мактаб ўқувчиларининг ОТМларга кириш кўрсаткичи бўйича қизил, яшил ва сариқ ранглар тоифасидаги мактабларга бўлинар эди.
Шунга кўра педагог ходимларнинг ойлигига устамалар қўшилиб, моддий рағбатлантирилиб келиняпти.
Жорий йилнинг 3 май куни Ҳукумат қарори билан умумий ўрта таълим муассасалари рейтингини аниқлашнинг янги низоми тасдиқланди.
Мазкур низомга илова сифатида умумий ўрта таълим муассасалари рейтингини аниқлаш ва ҳисоблаш методикаси тасдиқланиб, унга кўра мактаблар рейтингини аниқлашда қуйидаги жиҳатлар эътиборга олинади:
- 11-синф битирувчилари томонидан олий таълим муассасаларига киришда тўплаган баллари;
- ОТМга ўқишга кирганлар салмоғи;
- ўқувчиларнинг билим даражаси;
- педагогларнинг сифат (салоҳият)и;
- ўқувчи ва ўқитувчиларнинг чет тилларини билиш даражаси;
- ўқувчи ва ўқитувчилар ўртасида ўтказиладиган ижтимоий сўровнома натижаси;
- таълим муассасасида маънавий-маърифий ва ўқув тарбиявий муҳит (Ўзбекистон Республикаси Президенти илгари сурган беш ташаббус доирасида қилинган ишлар асосида) каби кўрсаткичлар инобатга олинади.
Соҳада олиб борилаётган бу каби ислоҳотлар умумтаълим мактабларидаги таълим сифати ошиши, юқори натижа кўрсатаётган мактаб раҳбарлари ва педагогларни рағбатлантиришга замин яратади.
Файзулло Яҳёев,
ЎзА