Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мактаблар кунида ҳоким очиқ дарсларга қатнашди
18:10 / 2020-10-13

Илм ўрганиш, ёшларнинг билим олишига кенг имконият яратиш ҳар қандай миллатнинг келажагини белгилаб берадиган муҳим омил саналади.


Илм ўрганиш, ёшларнинг билим олишига кенг имконият яратиш ҳар қандай миллатнинг келажагини белгилаб берадиган муҳим омил саналади. 

Мактабнинг тақдири миллатнинг тақдири ҳисобланади ва унга бефарқ бўлишга ҳеч бир ўқитувчининг, ҳеч бир фуқаронинг ҳаққи йўқ.

Жаҳондаги ривожланган давлатлар тарихига назар ташлайдиган бўлсак, уларда жамият ҳаётини ўзгартиришга қаратилган ислоҳотлар аввало таълим тизимидан бошланганини кўрамиз. Чунки мактабни ўзгартирмасдан туриб, одамни, жамиятни ўзгартириб бўлмайди.

Шу боис ҳам мамлакатимизда кейинги йилларда таълим тизимини тубдан ислоҳ қилишга, ўқитувчининг мавқеини оширишга, мактаблардаги муаммоларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳар ҳафтанинг сешанбаси вилоятда мактаблар куни деб эълон қилинишидан кўзланган мақсад ҳам шу – жойларда таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг ижросини тўлиқ таъминлаш, камчиликларни бартараф этиш, мактаб иши – ҳар бир раҳбар учун виждон иши бўлишига эришиш.

Мактаблар куни муносабати билан Қарши шаҳар ҳокими Нормўмин Холбоев ҳамда вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Тўра Саидов шаҳардаги 10-умумтаълим мактабида бўлиб, очиқ дарсларда иштирок этди. Улар мактабда ўқувчиларни сифатли таълим олиши учун яратилган шароитлар билан танишди. Ўқитувчилар билан мулоқотда бўлиб мактаб кутубхонасидаги адабиётлар билан қизиқди.

Кимё, биология, она тили ва рус тилидан ўтилаётган дарсларда иштирок этиб, дарсларнинг ўқитилишини, ўқитувчиларнинг маҳорат даражасини таҳлил қилиб, эришилган ютуқларни, йўл қўйилган камчиликларни қайд этиб бордилар. Ўзлари ҳам ҳаётий мисоллар асосида тарбия фанидан дарс ўтдилар.

- Сешанба - мактаблар куни деб эълон қилингани айни муддао бўлди, - дейди мактаб директори Эльмира Ҳасанова. – Бугун шаҳар ҳокими ва халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари келиб, ўқитувчиларни ўйлантираётган масалалар билан қизиқишди. 

Дарсларни кузатиб, ҳам раҳбар, ҳам ота-она сифатида тавсиялар беришди. Ҳокимларнинг, корхона-ташкилотлар раҳбарларининг мактаб ҳаётида бевосита иштирок этиши, воқеа-ҳодисаларга ўз муносабатини билдириши ўқувчиларда таълим олишга бўлган қизиқишни оширишга, уларда лидерлик хусусиятларини шакллантиришга хизмат қилади. Шу жиҳатдан олиб қараганда, мактаблар кунининг ёшлар тарбиясидаги аҳамияти беқиёс.

Мактаблар куни муносабати билан ўтказилаётган бундай тадбирлар вақт ўтиши билан такомиллашиб борса, сектор раҳбарлари, корхона ва ташкилотлар мутасаддилари ўқитувчиларнинг ҳақиқий кўмакчисига, таълим муассасалари том маънода буюк миллатнинг буюк бешигига айланади.

photo_2020-10-13_19-00-48.jpg

photo_2020-10-13_19-00-49.jpg

photo_2020-10-13_19-00-55.jpg